
Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш жамғармаси тузилиб, унга 900 млрд сўм ажратилди
Ўзбекистонда ташкил этилган янги экологик жамғармага 900 миллиард сўм йўналтирилиб, унинг муайян қисми доллар курси тушгани ҳисобига ташқи қарзлардан тежалган маблағнинг бир қисми ҳисобидан шакллантирилди.

Ўзбекистон Экология қўмитаси ҳузурида Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Президент қарорига мувофиқ, жамғармага 2025 йилда республика бюджетидан 900 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағнинг муайян қисми давлат қарзига хизмат кўрсатиш учун режалаштирилган тўловлар ҳисобидан шакллантирилмоқда.
Октабр ойи охирида Марказий банк раҳбари Темур Ишметов сўмнинг мустаҳкамланиши натижасида давлат қарзи бўйича тўловларда 1,3 триллион сўм тежалганини маълум қилганди. Мана шу маблағнинг бир қисми натижада экологик дастурларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.
Қарорга кўра, 2026 йилда жамғарма маблағлари «Яшил макон» лойиҳаси, санитар тозалаш ишлари, чўлланиш ва қум кўчишининг олдини олиш, ҳимоя ўрмонлари барпо этиш ҳамда ўрмон хўжалиги техникаларини харид қилиш каби йўналишларга мўлжалланган 548 миллиард сўмни ўз ичига олади.
Шунингдек, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг кадастр тизимларини юритиш харажатлари ҳам жамғарма ҳисобидан молиялаштирилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб углерод бирликлари савдосидан тушумларнинг 20 фоизи, атроф муҳитга етказилган зарар учун жарима ва компенсация тўловларининг белгиланган қисмлари ҳамда импорт қиладиган транспорт воситалари учун тўланадиган утилизация йиғимининг 10 фоизи жамғармага йўналтирилади.
2027 йилдан эса ушбу йўналишлар сезиларли даражада кенгайтирилиб, утилизация йиғимларининг 90 фоизгача бўлган қисми жамғарма манбаларига қўшилади.
Пневматик шиналар ва бошқа техник воситалар учун жорий этиладиган янги утилизация тўловлари ҳам 2027 йилдан тўлиқ жамғарма манбаларига ўтади. Бу орқали экологик ресурсларни барқарор бошқариш, чиқиндиларни камайтириш ва ҳудудларда экологик хавфсизликни кучайтириш мақсад қилинади.
Янги ташкил этилган жамғарма бошқарув кенгаши 9 аъзодан иборат бўлади, шулардан тўрт нафари жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади. Кенгашнинг асосий вазифаси — жамғарма маблағларидан фойдаланишда очиқлик, ҳисобдорлик ва самарадорликни таъминлашдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология вазирлиги Вазирлар Маҳкамасидан мустақил қўмитага айлантирилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





