Урушнинг иқтисодий фронти: АҚШ ва Исроил дунёни иқтисодий инқироз ёқасига олиб келди

Бугун 20:505 дақиқа

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳужумлари Европа ва Осиё қитъаларида жиддий иқтисодий тангликни юзага келтирди. Бунда энг катта зарар энергия ресурслари таъминоти Ҳўрмуз бўғозига боғланиб қолган давлатлар чекига тушди.

Урушнинг иқтисодий фронти: АҚШ ва Исроил дунёни иқтисодий инқироз ёқасига олиб келди

Эрон билан уруш тез орада тугайди, деб баёнот берди Доналд Трамп. Америка президентининг таъкидлашича, мамлакатда «нишонга олиш учун деярли ҳеч нарса қолмаган».

Теҳрон эса, ўз навбатида, АҚШ ва Исроил устидан ғалаба қозона олмаса-да, уларни мушкул аҳволга солиб қўйишдан умидвор. «Reuters» агентлигининг ёзишича, Эрон асосий эътиборини ўзининг ички бардошлилик салоҳиятига ва глобал иқтисодий тебранишларни келтириб чиқариш стратегиясига қаратмоқда.

Қатардан то Саудия Арабистонига қадар чўзилган энергетика марказларига йўлланадиган зарбалар дунё бозорини ларзага келтириши мақсад қилинган.

Дарвоқе, Эрон ҳужумининг оқибатлари аллақачон кўзга ташланмоқда — нефт ва газ шиддат билан қимматлашмоқда.

Масалан, «QatarEnergy» суюлтирилган табиий газ (СТГ) ишлаб чиқаришни тўхтатганидан сўнг, унинг нархи бир ярим баробарга ошди. «ICE Futures» биржаси маълумотларига кўра, 3-март куни Европада газнинг апрел фючерслари нархи сўнгги уч йил ичида илк бор 1000 куб метр учун 800 доллардан ошиб кетди.

Яқин Шарқдаги янги можаро Европа ва Осиё мамлакатларига жиддий зарба бўлди. Бунда, айниқса, Италия, Белгия, Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Корея энг катта талафотларни кўрди. Мазкур давлатларнинг барчаси Ҳўрмуз бўғози орқали келадиган нефт ва суюлтирилган табиий газ таъминотига бевосита боғланиб қолган. АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари бошлангунга қадар, ушбу бўғоз орқали Форс кўрфази мамлакатларидан Осиё ва Европа йўналишида ҳар куни 200–300 та кема қатнови амалга оширилар эди.

Ҳозирда мазкур йўналишдаги юк ташиш тизими бутунлай издан чиққан. Энди Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган ҳар қандай кема Эрон ҳукуматидан расмий рухсат олиши шарт қилиб белгиланди. Бу ҳақда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони, контр-адмирал Алиризо Тангсирий «X» ижтимоий тармоғи орқали баёнот берди.

Бундан ташқари, «Reuters» агентлигининг хабар беришича, Теҳрон аллақачон Ҳўрмуз бўғозига ўнга яқин мина қўйган.  

 «Глобал ҳисоб-китоб оддий бўлиб чиқди: ким энергия сотиб олса — ўша тўлайди. Кўрфаздан нефт ва газ импорт қилувчи йирик давлатлар бошқаларга қараганда қаттиқроқ зарбага учради. Жанубий Кореяда Kospi индекси атиги бир кун ичида 12 фоизга пасайди. Мамлакатда савдолар бир сессия давомида икки марта тўхтатиб қўйилди. Сеулга келадиган деярли барча нефт ва СТГ импорти айнан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади», — деб таъкидлади эксперт Аҳмед Юсупов «TRT» нашрига.

Япония, Хитой ва Ҳиндистонда ҳам шунга ўхшаш қарамлик мавжуд. АҚШ Энергетика маълумотлари бошқармаси (EIA) берган маълумотларга кўра, Ҳўрмуз бўғози орқали ҳар куни тахминан 20 миллион баррел нефть ташилади — бу дунё бозоридаги жами таклифнинг деярли бешдан бир қисмини ташкил этади.

«Ҳиндистон яна бир кутилмаган тарафдан зарар кўрди: 400 минг тоннадан ортиқ экспорт қилинадиган басмати гуручи портларда ёки йўлларда қолиб кетди. Ушбу экспортнинг 75 фоизи анъанавий тарзда Яқин Шарққа йўналтирилади», — дейди эксперт.

Яқин Шарқдаги низо Европа давлатларини ҳам четлаб ўтмади. Бу борада Белгия ва Италия энг заиф нуқталар бўлиб қолмоқда. Хусусан, Италия Қатардан газ сотиб олувчи Европадаги энг йирик харидор ҳисобланади. Бу эса юзага келган «газ шоки» ушбу мамлакат иқтисодиётига ҳаммадан кўра қаттиқроқ зарба беришидан далолат беради.

Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор: айримлар инқироз зарарларини ҳисоблаётган бир маҳалда, бошқалар эҳтимолий даромадларни ҳисоб-китоб қилмоқда. Энергетика бозоридаги бу беқарорликдан, биринчи навбатда, энергия ресурсларини экспорт қилувчи мамлакатлар энг кўп манфаат кўриши кузатилмоқда.

«Норвегия, Канада ва Россия учун котировкаларнинг кўтарилиши экспорт даромадларининг ошишини англатади. Йил бошидан бери «Brent нефти» 36 фоиздан кўпроққа қимматлашди. Европада газ нархи бир неча кун ичида 85 фоиздан кўпроққа ошди. «Capital Economics» юқори нархлар Россия бюджети тақчиллигини камайтириши ва Осиёга етказиб бериш ҳажмини оширишини таъкидламоқда», — дейди Аҳмед Юсупов.

«Telegraph» нашрининг ёзишича, Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши дунё миқёсидаги ойлик табиий газ таъминотининг чорак қисмигача қисқаришига сабаб бўлиши мумкин.  

«Нархлар кўтарилаётган бир шароитда, Европа Иттифоқи 2027-йилгача Россия СТГ’сидан босқичма-босқич воз кечиш режасини қайта кўриб чиқишига тўғри келиши мумкин», — деб қайд этади нашр.

Американинг суюлтирилган табиий газ экспортчилари ҳам юзага келган вазиятдан катта фойда кўрмоқда. Уларнинг терминаллари тўлиқ қувват билан ишламоқда, ҳар бир партиядан олинаётган фойда эса ортиб бормоқда. Бироқ қисқа фурсат ичида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини сезиларли даражада ошириш анча мураккаб вазифа ҳисобланади.

Экспертларнинг фикрича, ҳозирда энг муҳим масала — Яқин Шарқдаги можаронинг қанча давом этишидир. Агар у қисқа вақт ичида якун топса, дунё иқтисодиёти бу ҳолатни жиддий талофатларсиз енгиб ўтади.

Бироқ Ҳўрмуз бўғозининг икки ой ёки ундан кўпроқ муддатга ёпиб қўйилиши билан кечадиган узоқ муддатли уруш — вазиятни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

«Goldman Sachs» таҳлилига кўра, бундай вазиятда Европада газ нархи икки баробарга ошиш эҳтимоли бор.

«Chatham House» прогнозларига кўра, агар нефт нархи 100 доллардан юқори кўрсаткичда мустаҳкамланиб қолса, Европа ва Осиёдаги инфляция қарийб бир фоизга кўтарилади.

Мутахассислар аллақачон дунё бўйлаб нарх-навонинг кескин кўтарилиши бошланганидан огоҳлантирмоқда. Таҳлилчиларнинг прогнозларига кўра, йилнинг иккинчи ярмида глобал миқёсда озиқ-овқат инфляцияси кучайиши хавфи юқори. Бунга Яқин Шарқдаги низолар ортидан минерал ўғитлар ва уларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё таъминотида юзага келган узилишлар асосий сабаб бўлмоқда.

Гап шундаки, Ҳўрмуз бўғози орқали нафақат энергия ресурслари, балки дунёдаги карбамид савдосининг қарийб 35 фоизи ҳам ўтади. Бундан ташқари, фосфатли ўғитлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган олтингугуртнинг 45 фоизигача бўлган қисми айнан шу йўл орқали ташилади.

Бозорда биржа котировкаларининг кескин юқорилаши аллақачон кузатилмоқда. Хусусан, сўнгги ҳафталарда Яқин Шарқда гранулаланган карбамид нархи тахминан 30 фоизга қимматлашиб, бир тонна учун 560 долларга етди. Европа бозорида эса аммиак нархи қарийб 19 фоизга кўтарилиб, бир тонна учун 725 долларни ташкил этмоқда.

Табиий газ нархининг ошиши ишлаб чиқарувчилар зиммасига тушаётган молиявий юкни янада оғирлаштирмоқда. Зеро, «зангори ёқилғи» азотли ўғитлар таннархининг қарийб 70 фоизини ташкил этувчи асосий хом ашё ҳисобланади. Бундан ташқари, ишлаб чиқаришнинг юқори даражада марказлашгани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, ўғитлар нархининг кўтарилиши сабабли улардан фойдаланиш ҳажми 10 фоизга қисқарса, ғалла ҳосилдорлиги 3–5 фоизга пасайиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, дон ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг мутаносиб равишда қимматлашишига олиб келади.

Теглар

Мавзуга оид