«Uzbekistan Airways» IPO’си 2027-йилга қолдирилади – вазирлик
Тармоқларда миллий авиакомпания IPO’си келгуси йилга кечиктирилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Vaqt.uz ҳолат юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати билан боғланиб, кечиктирилиш сабабларига аниқлик киритди.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026-йилнинг иккинчи ярмида хусусийлаштирилиши режалаштирилган «Uzbekistan Airways» акцияларини IPO орқали жойлаштириш 2027-йилга кўчирилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Vaqt.uz ҳолат юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан изоҳ олди.
Дастлаб президентнинг 2025-йил 21-апрелдаги қарорига мувофиқ, «Uzbekistan Airways» акцияларининг 15–20 фоизини 2026-йилнинг иккинчи ярмида IPO орқали оммавий савдога чиқариш режалаштирилган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати вакили Рушана Умарованинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, муддатнинг ўзгариши компанияни IPO жараёнига пухта тайёрлаш ва барча зарур чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ.
«Ҳозирги босқичда компанияни IPO’га чиқариш 2027-йилга режалаштирилмоқда. Бу компанияни мазкур жараёнга пухта тайёрлаш, шунингдек, барча зарур чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ», — деди вазирлик вакили.
Шунингдек, айни пайтда «Uzbekistan Airways»ни трансформация қилиш ва IPO’га тайёрлаш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Муддат ўзгариши ҳақида аввал ҳам гапирилган
Бу муддатнинг ўзгариши ҳақида аввалроқ ҳам маълумот берилган эди. 2026-йилнинг июнида ҳукумат «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбектелеком» акцияларининг халқаро фонд бозорларига чиқишини 2027-йилга режалаштираётганини билдирган. Ўша пайтда бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат компанияларини IPO’га олиб чиқишдан олдин уларни чуқур трансформация қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Энг муҳим жиҳати, вазирнинг баёнотларига қарамай президент матбуот хизмати 15-июлда «Uzbekistan Airways» қаторида яна тўртта компания – «SQB», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ўзбектелеком» бўйича ишлар шу йилнинг ўзида якунланиши режалаштирилаётганини маълум қилганди.
Ўша вақтда президент Шавкат Мирзиёев «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамиятини трансформация қилиш ва IPO’га тайёрлаш ишларини жадаллаштириш ҳақидаги тақдимот билан танишган.
Трансформация дастурида 115 та чора бор
«Uzbekistan Airways» учун «Franklin Templeton» вакиллари иштирокида 115 та чора-тадбирдан иборат трансформация дастури ишлаб чиқилган. Президент танишган тақдимотда ушбу дастур тўлиқ амалга оширилса, авиакомпаниянинг йиллик операцион даромадини 120 млн долларгача ошириш имконияти борлиги қайд этилган.
Дастур доирасида маршрутларни оптималлаштириш, тўғридан-тўғри сотувларни кўпайтириш, мижозлар билан ишлаш тизимини яхшилаш, парвозлар орасидаги вақтни қисқартириш, кечикиш ва рейслар бекор қилинишини камайтириш, шунингдек, кейтеринг ва техник хизмат кўрсатиш тизимлари самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ушбу чоралар компаниянинг бозор қийматини 1,6 млрд доллардан 2,3 млрд долларгача ошириш имконини бериши прогноз қилинмоқда.





