
Хатолик сабаб икки дона қалампирнинг нархи 2 млрд сўмга айланди
Навоий вилоятида ноодатий ҳолат қайд этилди — сотувчи хатоси туфайли икки дона қалампир учун 2 млрд сўмлик чек урилган. Оқибатда тадбиркорга катта миқдорда солиқ қарздорлиги келиб чиққан.

Навоийда сотувчининг хатоси туфайли 20 минг сўмлик қалампир касса аппаратига 2 миллиард қилиб киритилган, оқибатда тадбиркорга катта миқдорда солиқ қарздорлиги келиб чиққан. Бу ҳақда адлия вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, «NS2020» МЧЖ дўконидаги сотувчи қалампир учун 20 минг сўмлик чек уриши керак бўлган. Бироқ англашмовчилик сабабли касса аппарати орқали 2 миллиард сўмлик чек расмийлаштирилган.
Шундан сўнг тадбиркор солиқ қарзи ортиб кетганини кўриб, чекни бекор қилишни сўраган. Аммо Навоий вилоят солиқ бошқармаси чек маълумотларини таҳрирлаб бўлмаслигини билдирган.
Бу қарордан норози бўлган тадбиркор ва Хатирчи туман адлия бўлими Навоий туманлараро маъмурий судга шикоят киритган. Суд муҳокамаларида солиқ бошқармаси мансабдор шахсларининг ҳаракатлари қонунга зид деб топилган.
Натижада суд тадбиркор фойдасига қарор чиқариб, 2 миллиард сўмлик чекни ҳақиқий эмас, хатолик натижаси сифатида тан олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бизнес омбудсман тадбиркорларга асоссиз жарималар қўллангани учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйганлиги ҳақида хабар берган эдик.





