Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга юк ташиш ҳажми беш йилда 53 баробар ошди
Хитой ва Марказий Осиё ўртасида автомобил транспорти орқали юк ташиш темирйўл транспортига нисбатан тезроқ ўсмоқда. Евроосиё тараққиёт банки бунинг учта асосий сабабини келтирган. Минтақада замонавий А тоифали омборхоналар етишмаслигига ҳам эътибор қаратилган. Бу эса тез бузиладиган маҳсулотлар ва махсус сақлаш шароитини талаб қиладиган бошқа товарларни сифатли ташиш ва сақлаш имкониятларини чекламоқда. Товар айирбошлаш ҳажми қарийб 70 млрд долларга етган.
© Foto: en.osjd.orgХитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга ташилаётган юк ҳажми 2020-йилдаги 33,7 минг тоннадан 2025-йилда 1,8 миллион тоннага етди. Бу беш йил ичида қарийб 53 баробар ўсишни англатади. Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) бу маълумотларни 2026-йил 19-ноябрда эълон қилинган «Марказий Осиёнинг Хитой билан транспорт алоқалари» номли таҳлилий ҳисоботида келтирди.
Ҳозирда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон транспорт йўлаги темирйўл ва автомобил транспортини бирлаштиради. ЕТБ тадқиқотига кўра, юклар дастлаб Хитой ҳудуди бўйлаб поездларда ташилади. Кейин эса Қирғизистон орқали Ўзбекистонга етказиш учун юк машиналарига ортилади.
Нима учун автомобил транспортида юк ташиш кўпаймоқда?
ЕТБ маълумотларига кўра, Хитой ва Марказий Осиё ўртасида автомобил транспорти орқали юк ташиш темирйўл транспортига нисбатан тезроқ ўсмоқда. Банк бунинг учта асосий сабабини келтирган.
Кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиши. Бундай корхоналар кўпинча товарларни катта ҳажмда эмас, балки кичик партияларда жўнатади. Бу эса автомобил транспортидан фойдаланишни қулайлаштиради.
Чегарадан юк олиб ўтиш қоидаларининг соддалаштирилиши. Янги икки томонлама келишувлар ташувчиларга юкларни чегара яқинида бошқа транспорт воситасига ортиқча ортишга ҳожат қолдирмасдан, қўшни давлатлар ҳудудигача етказиш имконини бермоқда.
Электрон рухсатномалар ва божхона жараёнларининг жорий этилиши. Мамлакатлар халқаро автомобил ташувлари учун электрон рухсатномалардан фойдаланишни йўлга қўймоқда. Шунингдек, божхонадан ўтиш жараёнини соддалаштирувчи электрон TIR тизими ҳам жорий этилмоқда.
ЕТБ Марказий Осиёда замонавий А тоифали омборхоналар етишмаслигига ҳам эътибор қаратган. Бу эса тез бузиладиган маҳсулотлар ва махсус сақлаш шароитини талаб қиладиган бошқа товарларни сифатли ташиш ва сақлаш имкониятларини чекламоқда. Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқалари кенгайиши ҳам Қирғизистон орқали юк ташиш ҳажми ортишига сабаб бўлмоқда.
ЕТБ маълумотларига кўра, Хитойнинг Марказий Осиёдаги бешта давлат билан товар айирбошлаш ҳажми 2020-йилдаги 23,5 миллиард доллардан 2025-йилда қарийб 70 миллиард долларга етган. Яъни бу кўрсаткич деярли уч баробар ошган. 2025-йилда Хитой Марказий Осиёнинг энг йирик савдо ҳамкорига айланган. Унинг минтақа давлатлари ташқи савдосидаги улуши қарийб 30 фоизни ташкил этган. 2020–2021-йилларда эса бу кўрсаткич 17–18 фоиз атрофида бўлган.
2025-йилда Хитой ва Марказий Осиё ўртасида темирйўл ва автомобил транспорти орқали жами 51 миллион тонна юк ташилган. Шундан 35,6 миллион тоннаси темирйўл, 15,4 миллион тоннаси эса автомобил транспорти ҳиссасига тўғри келган.
Жами юк ташиш ҳажмининг қарийб 84 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Ҳозирда Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги барча тўғридан тўғри темирйўл юк ташувлари Хитой–Қозоғистон чегараси орқали амалга оширилмоқда.
Янги темирйўл орқали қанча юк ташиш мумкин бўлади?
Транспорт йўлагини ривожлантиришнинг кейинги босқичи — Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилишидир. ЕТБ ҳисоботига кўра, режалаштирилган темирйўлнинг узунлиги 523 километрни ташкил этади. У Хитойнинг Қашғар шаҳридан Торугарт, Макмал, Жалолобод ва Қорасув орқали Андижонгача боради.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида бир изли темирйўл қуриш режалаштирилган. У орқали йилига 7 миллион тоннагача юк ташиш мумкин бўлади. Кейинчалик иккинчи изни қуриш ва темирйўлни электрлаштириш орқали унинг йиллик юк ташиш қувватини 20 миллион тоннагача ошириш мумкин.
«Economist.kg» нашрининг хабар беришича, 2026-йилнинг октябр ойи охири ҳолатига кўра, Қирғизистон ҳудудида режалаштирилган 29 та туннелдан 28 тасида, 50 та кўприкдан эса 47 тасида қурилиш ишлари олиб борилган. 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида Иркештом ва Торугарт чегара ўтказиш пунктлари орқали 5,6 миллион тоннадан ортиқ юк ташилган. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоиз кўп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон чегараларида ягона назорат тизимини жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақида ёзган эдик.





