Хива ва Бухоро ўртасида янги тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилмоқда
9 сентябрдан бошлаб Хива ва Бухоро ўртасида 415 та эконом-класс ўриндиғига эга янги электропоезд ҳаракатланишни бошлайди.
© Foto: t.me/uzrailpassuzЖорий йилнинг 9 сентябридан бошлаб Хива ва Бухоро ўртасида янги электропоезд қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ хабар берди.
Қайд этилишича, қатнов тезюрар CRRC-Daliyan йўловчи электропоездида амалга оширилади. Унинг таркиби 5 та вагондан иборат бўлиб, жами 415 та эконом-класс ўриндиғи мавжуд.
707-сонли «Хива — Бухоро-1» электропоезди сешанбадан ташқари ҳафтанинг барча кунлари ҳаракатланади. Поезд Хивадан соат 9:55 да йўлга чиқиб, Бухорога соат 14:32 да етиб боради.
706-сонли «Бухоро-1 — Хива» электропоезди душанбадан ташқари ҳафтанинг барча кунлари ҳаракатланади. Поезд Бухородан соат 15:45 да йўлга чиқиб, Хивага соат 20:25 да етиб боради.
14 сентябрдан бошлаб, 701-сонли «Бухоро-1 — Тошкент» электропоезди ҳар душанба куни қатнайди. (Соат 15:17 да йўлга чиқиб, соат 21:22 да манзилга етиб боради).
15 сентябрдан бошлаб, 702-сонли «Тошкент — Бухоро-1» электропоезди ҳар сешанба куни қатнайди. (Соат 10:05 да йўлга чиқиб, соат 15:17 да манзилга етиб боради).
Янги электропоездлар қатнови йўлга қўйилиши муносабати билан қуйидаги йўловчи поездларининг ҳаракат жадвалига ҳам ўзгартиришлар киритилади:
- 56-сон Тошкент Жанубий — Хива — - 8 сентябрдан;
- 58-сон Тошкент Жанубий — Шовот — 10 сентябрдан;
- 127/128-сон Андижон — Қўнғирот — 8 сентябрдан;
- 301-сон Душанбе — Тошкент — 15 сентябрдан;
- 6412-сон Тошкент Жанубий — Ховос — 15 сентябрдан, ҳар сешанба куни;
- 6353-сон Урганч — Нукус — 9 сентябрдан.





