ХВЖ Қозоғистонда инфляция хавфи туфайли базавий ставкани оширишни тавсия қилди
Йиллик инфляция даражаси октябр ойида 9,2 фоизгача пасайди. Бироқ бу кўрсаткич Миллий банк белгилаган 5 фоизлик мақсадли даражадан деярли икки баравар юқори. Ташкилот прогнозларига кўра, мамлакатда инфляция 2026-йилнинг охиригача 9,6 фоизга етади. 2027-йил охирида эса 8,4 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
© centralasianlight.orgХалқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) инфляция билан боғлиқ хавфлар сақланиб қолаётгани сабабли Қозоғистон Миллий банкига базавий ставкани ошириш масаласини кўриб чиқишни тавсия қилди. Бу тавсия 2026-йилда базавий ставка тўрт марта пасайтирилиб, 18 фоиздан 15,75 фоизга туширилганидан кейин берилди.
ХВЖ миссияси 4–17-ноябр кунлари Қозоғистон ҳукумати вакиллари билан ўтказилган музокаралар якунлари бўйича эълон қилган баёнотида озиқ-овқатдан ташқари товарлар ва хизматлар нархи юқори суръатда қимматлаётгани, аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари юқорилигича қолаётгани ҳамда давлат харажатлари нархлар ошишига қўшимча босим ўтказаётганини таъкидлади.
Қозоғистонда йиллик инфляция даражаси октябр ойида 9,2 фоизгача пасайди. Бироқ бу кўрсаткич Миллий банк белгилаган 5 фоизлик мақсадли даражадан деярли икки баравар юқори. ХВЖнинг таъкидлашича, инфляция мақсадли кўрсаткичга яқинлашмагунча Миллий банк қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириши керак.
Жамғарманинг фикрича, «базавий ставкани ошириш мақсадга мувофиқ кўринади». Бу тавсия Миллий банкнинг октябр ойида билдирган позициясига зид. Ўшанда банк йил охиригача базавий ставкани яна ўзгартириш эҳтимоли камлигини маълум қилган эди. Қозоғистон Марказий банки базавий ставкани 2026-йил июнда пасайтиришни бошлаган. Бунгача ставка қарийб саккиз ой давомида 18 фоиз даражасида сақлаб келинган. 23-октябрга келиб эса у 15,75 фоизга туширилди. Ўша пайтда Миллий банк раиси Тимур Сулайменов ставка йил охиригача шу даражада сақланиб қолиши мумкинлигини билдирган эди. Навбатдаги қарор 4-декабр куни қабул қилиниши кутилмоқда.
ХВЖ экспертлари, шунингдек, банк тизимидаги ортиқча пул маблағларини кўпроқ жалб қилишни тавсия этмоқда. Бунинг учун Миллий банк бозор ставкалари бўйича узоқроқ муддатли облигацияларни мунтазам равишда чиқариб бориши мумкин. Ташкилот прогнозларига кўра, Қозоғистонда инфляция 2026-йилнинг охиригача 9,6 фоизга етади. 2027-йил охирида эса 8,4 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Инфляция фақат 2029-йилга бориб 5 фоизлик мақсадли даражага яқинлашиши мумкин. Миллий банк эса инфляция 2028-йилда 5 фоиз атрофига тушишини кутмоқда.
Жамғарма экспертлари инфляциянинг юқори даражада сақланиб қолаётганига бир нечта омил сабаб бўлаётганини таъкидламоқда. Булар — бюджет харажатларининг кўпайиши, мамлакатнинг нефт даромадлари жамланадиган Миллий жамғарма маблағларидан фойдаланиш, давлат корхоналарининг бюджетдан ташқари харажатлари ва кредитлари, шунингдек, коммунал хизматлар тарифларининг яна оширилиши.
ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, Қозоғистонда реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши нефт қазиб олишдаги узилишлар сабабли 2025-йилдаги 6,5 фоиздан 2026-йилнинг дастлабки 10 ойида тахминан 4,5 фоизгача секинлашган. Нефт билан боғлиқ бўлмаган соҳалардаги иқтисодий фаоллик эса ҳали ҳам иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун ҳисобланган даражадан юқори бўлиб қолмоқда.
Прогнозларга кўра, Қозоғистон иқтисодиёти 2026-йилда 4,6 фоизга, 2027-йилда эса 4,8 фоизга ўсади. Бундай ўсишга асосан нефт билан боғлиқ бўлмаган соҳаларга давлат харажатларининг кўпайиши ҳисобига эришилиши кутилмоқда. Нефт қазиб олиш ҳажми эса барқарор қолиши прогноз қилинган.
ХВЖ Қозоғистон иқтисодиёти учун асосий ташқи хавфлар сифатида жаҳон бозорида нефт ва газ нархларининг пасайиши, мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорларида иқтисодий ўсиш секинлашиши, халқаро молиялаштириш шароитларининг қатъийлашиши, шунингдек, нефт қазиб олиш ва экспорт қилишда янги узилишлар юзага келишини кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жаҳон иқтисодиётида асосий ставка қандай ўзгараётганини 5 та давлат мисолида тушунтирган эдик.





