Logo

Еврокомиссия ЕИ давлатларини газ ва электр энергияси истеъмолини камайтиришга чақирди

Бугун 08:002 дақиқа

Европада табиий газ нархи қарийб уч баробарга ошди ва қишда 100 евродан ҳам ошиб кетиши кутилмоқда.

Еврокомиссия ЕИ давлатларини газ ва электр энергияси истеъмолини камайтиришга чақирди

Европа комиссияси энергия ресурслари нархининг кескин ошиши фонида Европа Иттифоқи давлатларини табиий газ ва электр энергияси истеъмолини қисқартириш чораларини кўришга чақирди. Европанинг энергетика ва уй-жой қурилиши бўйича комиссари Дан Йоргенсен ЕИга аъзо давлатлар энергетика вазирларига йўллаган мактубида бундай чораларни «қанча вақт талаб қилинса, шунча» қўллашни сўради.

Брюссель расмийсига кўра, талабнинг вақтинчалик пасайиши жаҳон бозоридаги чекланган таклиф ва энергетика бозорларидаги юқори беқарорлик шароитида нархларни жиловлашга ёрдам беради.

«Биз таъминот инқирози билан боғлиқ нархлар инқирозига дуч келмоқдамиз», — деди Дан Йоргенсен.

Вақтинчалик чоралар ва қишга тайёргарлик

Еврокомиссар 2022 йилги энергетика инқирози даврида истеъмолни ихтиёрий ва режали қисқартириш бўйича кўрилган чоралар ўз самарасини берганини эслатиб, ҳозирги шароитда ЕИ ўша давр тажрибасини қўллаши зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирда ЕИда газ захиралари паст даражада бўлса-да, таъминот хавфсизлигига бевосита таҳдид йўқлиги қайд этилди. Шу билан бирга, истеъмол ва нархларни тартибга солиш чоралари манзилли ҳамда вақтинчалик бўлиши, шунингдек, улар истеъмолнинг янада ошишига туртки бермаслиги кераклиги билдирилди.

Бугунги кунда ЕИ давлатларидаги газ омборларининг тўлиқлик даражаси тахминан 70 фоизни ташкил қилмоқда. Хабарга кўра, Брюссель энергия тизимини қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида ноябрь ойи бошигача бу кўрсаткични 80 фоизга етказишни режалаштирмоқда.

Нархларнинг 100 евродан ошиш хавфи

Европадаги табиий газ нархлари учун асосий кўрсаткич ҳисобланган Нидерландиянинг TTF хабида вазият февраль ойи охиридан бери кескин ўзгарган. 28 февралга қадар нарх бир мегаватт-соат учун тахминан 30 еврони ташкил қилган бўлса, ҳозирда котировкалар 72 евро атрофида сақланиб турибди.

Европа бозори иштирокчилари қиш мавсумида нархларнинг янада кўтарилишидан хавотирда. Хусусан, агар Басра кўрфазидан суюлтирилган табиий газ етказиб бериш ҳажми ошмаса ёки таъмирлаш ишлари сабабли Норвегиядан экспортга қўйилган чекловлар сақланиб қолса, нархлар бир мегаватт-соат учун 100 евродан ҳам ошиб кетиши мумкинлиги маълум қилинди.

Теглар

Мавзуга оид