Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини расман очди

Бугун 18:402 дақиқа

Банк 2031 йилга қадар мамлакат иқтисодиётига 1,5 миллиард долларгача инвестиция киритишни режалаштирмоқда.

Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини расман очди

Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги расмий ваколатхонасини очди. 18 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган очилиш маросимида ЕОТБ мамлакатда тўлақонли инвестиция фаолиятини бошлаётганини билдирди.

Ваколатхона очилиши Ўзбекистоннинг 2025 йилда банк таркибига қўшилганидан кейинги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Тадбирда иштирок этган бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ЕОТБнинг инфратузилма, экспортни қўллаб-қувватлаш, молия бозори ва рақамли трансформация соҳаларидаги тажрибасини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, банкнинг Тошкентда доимий фаолият юритиши кончилик, транспорт инфратузилмаси, сув хўжалиги ва рақамли технологиялар соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни тезлаштиради.

ЕОТБ бошқаруви раиси Николай Подгузовнинг маълум қилишича, 1,5 миллиард долларлик режалаштирилган маблағнинг тахминан 800 миллион доллари минтақавий интеграция аҳамияти юқори бўлган лойиҳаларга ажратилади. У банк портфели ҳозирда 19,6 миллиард долларга етганини ва 326 та лойиҳа амалга оширилганини қайд этди.

«Бугун биз минтақанинг энг жадал ривожланаётган иқтисодиётларидан бири бўлган Ўзбекистонда фаолиятни бошлаяпмиз», — деди Подгузов.

Шунингдек, очилиш маросимида Uzum финтех-компанияси билан 70 миллион долларлик кредит шартномаси ҳам имзоланди. Компания ушбу маблағлар рақамли тўлов хизматлари, истеъмолчиларни молиялаштириш ва тадбиркорлар учун янги молиявий ечимларни кенгайтиришга йўналтирилишини билдирди.

Евроосиё тараққиёт банки 2006 йилда Россия ва Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, ҳозирда Ўзбекистон ҳам унинг аъзо давлатлари қаторига киради.

Теглар

Мавзуга оид