Logo

Европа «уруш иқтисодиёти»га ўтиши керак — таҳлилчи

Вашингтоннинг Украинага ёрдами сўроқ остида қолаётган ва Доналд Трампнинг сиёсий қарорлари ноаниқлик туғдираётган бир пайтда, Европа ўз тақдирини ўз қўлига олишга мажбур.

Европа «уруш иқтисодиёти»га ўтиши керак — таҳлилчи © ausnews.de

Европа Россия билан давом этаётган уруш шароитида ўз хавфсизлигини таъминлаш учун молиявий ва саноат салоҳиятини сафарбар қилиши керак. «Al Jazeera» нашрида таҳлилда «Foreign Policy Research Institute» ходими Максимилиан Хесс шундай фикрни илгари сурган.

Муаллифнинг таъкидлашича, Европа мамлакатлари Украина мудофаасини қўллаб-қувватлаш, Россияга нисбатан иқтисодий босимни сақлаб туриш ва ўз мудофаа саноатини ривожлантириш учун етарли молиявий механизмларни яратиши лозим. Унинг фикрича, АҚШнинг хавфсизлик соҳасидаги кафолатлари ва Украинага келгуси ёрдамига тўлиқ таяниб қолиш Европа учун борган сари хатарли бўлиб бормоқда.

Хесс бу мақсадга эришиш учун Европа Иттифоқи доирасида умумий қарз олиш тизимини йўлга қўйиш, музлатилган Россия активларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва Европа мудофаа саноатига сармоя киритишни таклиф қилган.

Европа мудофаасига қанча маблағ сарфланмоқда?

Европа давлатлари мудофаа харажатларини изчил оширмоқда. Европа мудофаа агентлиги маълумотларига кўра, Европа Иттифоқининг 27 та аъзо давлати 2025 йилда мудофаага жами 418 миллиард евро сарфлаган. Бу 2024 йилга нисбатан 20 фоизга кўп. Мудофаа харажатларининг ЯИМдаги улуши 2024 йилдаги 1,9 фоиздан 2025 йилда 2,2 фоизга кўтарилган.

Агентликнинг 2026 йил учун прогнозига кўра, Европа Иттифоқи давлатларининг мудофаа харажатлари 454 миллиард еврога етиши, ЯИМдаги улуши эса 2,4 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмаларига сарфланадиган маблағлар ҳам ортиб бормоқда: 2025 йилда улар 17 миллиард евро бўлган бўлса, 2026 йил учун 20 миллиард евро прогноз қилинган.

Шундай қилиб, Европа мудофаа харажатларини кўпайтиришни аллақачон бошлаб бўлган. Бироқ Хесснинг асосий тезиси фақатгина кўпроқ маблағ сарфлаш ҳақида эмас. Унинг фикрича, Европа мамлакатлари бу маблағларни сафарбар қилиш учун умумий молиявий механизмлар яратиши ва мудофаа саноатини узоқ муддатли молиялаштириш имкониятларини кенгайтириши керак.

Украина учун 90 миллиард евролик қарз қандай молиялаштирилмоқда?

Европа Иттифоқи Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдамни давом эттириш учун умумий қарз олиш механизмини амалда қўлламоқда.

2026 йил 23 апрел куни Европа Иттифоқи Кенгаши Украинага 2026–2027 йилларда 90 миллиард евро миқдорида қарз бериш учун зарур қонунчилик чораларини тасдиқлади. Маблағлар Европа Иттифоқининг капитал бозорларидан қарз олиш орқали жалб қилинади ва ЕИ бюджети имкониятлари билан кафолатланади.

Қарзнинг дастлабки тақсимоти қуйидагича белгиланган:

  • 30 миллиард евро — Украина бюджетини қўллаб-қувватлаш ва давлат хизматларининг ишлашини таъминлаш учун;

  • 60 миллиард евро — мудофаа саноатини ривожлантириш, ҳарбий маҳсулотлар хариди ва Украина мудофаа салоҳиятини кучайтириш учун.

Европа Иттифоқи Кенгаши маълумотига кўра, қарз Россия томонидан Украинага тўланиши лозим бўлган репарациялар ҳисобига қайтарилиши кўзда тутилган. Бу маблағларнинг амалда ажратилиши Украина томонидан тақдим этиладиган молиялаштириш стратегияси ва белгиланган шартларга бевосита боғлиқ бўлади.

 «Al Jazeera» таҳлилида Хесс ушбу ҳолатни Европа умумий қарз олиш механизмини кенгайтириш мумкинлигининг ёрқин мисоли сифатида кўрсатади. Муаллифнинг таъкидлашича, 2024 йилдаги G7 кредит дастурида ҳам Европа Иттифоқига 18,1 миллиард евро тўғри келган. Бу дастур Украинага ажратилган 50 миллиард долларлик умумий қарз механизмининг бир қисми бўлган.

Бироқ муаллифнинг фикрича, бундай қарорлар фақатгина алоҳида инқирозлар пайтида қабул қилинадиган чоралар бўлиб қолмаслиги керак. У Европа Иттифоқида Украина мудофааси ва Европа давлатларининг ўз хавфсизлигини молиялаштириш учун доимий умумий қарз олиш механизмини яратишни таклиф қилмоқда.

Европа Иттифоқининг мудофаа харажатлари учун янги молиявий режаси

Европа Иттифоқи 2025 йилда «Readiness 2030» дастурини ишга туширган эди. Унинг мақсади аъзо давлатларнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш ва зарур инвестициялар учун молиявий имкониятларни кенгайтиришдан иборат.

Европа комиссияси маълумотига кўра, дастур доирасида 800 миллиард еврогача қўшимча мудофаа сарфларини сафарбар қилиш имконияти кўзда тутилган. Бу маблағнинг катта қисми аъзо давлатларнинг ўз мудофаа бюджетларини ошириши учун яратиладиган молиявий имкониятлардан шаклланиши кутилмоқда.

Дастурнинг муҳим қисми бўлган «SAFE» механизми орқали аъзо давлатларга мудофаа инвестициялари учун 150 миллиард еврогача қарз ажратиш режалаштирилган. Маблағлар ракета мудофааси, дронлар, киберхавфсизлик ва бошқа муҳим соҳаларга сармоя киритиш учун йўналтирилиши мумкин.

Россияга қарши санкциялар етарлими?

Хесснинг фикрича, Европа Россияга қарши иқтисодий босимни янада кучайтириши ва санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган компанияларга нисбатан қатъийроқ чора кўриши керак.

2026 йил 12 октябрда Европа Иттифоқи Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуасига алоқадор қарийб 1 600 та шахс ва ташкилотга нисбатан янги чекловлар киритди. Расмий маълумотларга кўра, рўйхатга 826 та Россия компанияси ва ушбу компанияларнинг 743 нафар раҳбари киритилган. Европа Иттифоқи Кенгаши буни 2022 йилдан бери бир вақтнинг ўзида тасдиқланган энг йирик санкциявий рўйхатлардан бири деб атади.

Бироқ Хесс санкцияланган шахслар ва компаниялар рўйхатини кенгайтиришнинг ўзи етарли эмас, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи Россия иқтисодиётидаги чекловлар таъсирини кучайтириши, санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этаётган компанияларга Европа молия тизими ва бозорларидан фойдаланиш имконияти тўлиқ чекланиши мумкинлигини аниқ билдириши керак.

Муаллиф Европа Иттифоқининг Россия энергиясидан воз кечиш режасида ҳам ҳали очиқ қолаётган масалалар борлигини таъкидлайди. Европа Иттифоқининг расмий режасига кўра, узоқ муддатли шартномалар асосида Россия суюлтирилган табиий газини импорт қилишни тақиқлаш 2027 йил 1 январдан, қувур орқали келадиган газни импорт қилишни тақиқлаш эса 2027 йил 30 сентябрдан кучга кириши керак. Агар қишки газ захиралари бўйича мақсадлар бажарилмаса, қувур гази учун муддат 2027 йил 1 ноябргача сурилиши мумкин.

Хесс бу муддатларни Европанинг Россия энергия манбаларига бўлган қарамлигини ҳали тўлиқ бартараф этмаганининг яққол белгиси сифатида баҳолайди.

Музлатилган Россия активларидан фойдаланиш масаласи

Хесс Европа Иттифоқи мудофаа харажатлари ва Украинага ёрдамни молиялаштиришда Россиянинг музлатилган давлат активларидан фойдаланиш имкониятини ҳам кенгайтириши керак, деб ҳисоблайди.

Муаллифнинг таъкидлашича, бу борада аъзо давлатлар ўртасида ҳамон келишмовчиликлар мавжуд. Хусусан, Россиянинг музлатилган активларининг катта қисми сақланаётган «Euroclear» депозитарийси жойлашган Белгия ушбу активлардан фойдаланиш юридик даъволарга ва халқаро молиявий тизимга нисбатан ишончга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Хесс Европа давлатлари бу хавфни ўзаро биргаликда тақсимлаши кераклигини таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, агар Россия Европа активларини мусодара қилиш ёки улардан фойдаланишга оид суд қарорлари орқали босим ўтказа олса, музлатилган Россия активларини қайтариш масаласи ҳам шунчаки сиёсий савдолашув воситасига айланиб қолиши мумкин.

Европа АҚШ технологияларига боғлиқликни камайтириши керак

Хесснинг яна бир тезиси шундан иборатки, Европа ўз хавфсизлигини таъминлаш учун зарур технологияларни ишлаб чиқаришда ҳам мустақилроқ бўлиши керак.

Муаллиф «SpaceX»нинг «Starlink» сунъий йўлдош алоқа тизимини мисол қилиб кўрсатади. Унинг фикрича, АҚШдаги капитал бозорларининг кенг имкониятлари «SpaceX» каби компанияларга узоқ муддат давомида улкан инвестициялар киритиш ва кейинчалик ҳарбий аҳамиятга эга технологияларни ривожлантириш имконини берган.

Украинада «Starlink» алоқа тармоғидан фойдаланиш ҳарбий коммуникацияларни таъминлашда ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Хесс бу ҳолатни Европа учун технологик мустақиллик масаласи билан боғлайди. Унинг фикрича, Европа мудофаа ва алоқа соҳасидаги технологияларни ривожлантириш учун ўз капитал бозорларини, хусусий инвестициялар ва давлат томонидан молиялаштириш механизмларини янада кучайтириши лозим.

Теглар

Мавзуга оид

Европа «уруш иқтисодиёти»га ўтиши керак — таҳлилчи | Vaqt.uz