add

Захиралар 2025 йилда қандай ўзгарди?

Кеча 11:302 дақиқа

Халқаро захиралар 2025 йилда 66,3 млрд долларга чиқиб, рекорд қайд этилди. Айни пайтда бу қарийб 1,5 йиллик импортни молиялаштириш учун етади.

Захиралар 2025 йилда қандай ўзгарди?

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2025 йилда рекорд даражада кўтарилди. Йил бошида уларнинг миқдори 41,2 млрд доллар бўлган бўлса, йил охирига келиб 66,3 млрд долларга етди. Йиллик ўсиш кўрсаткичи 60 фоиздан кўпроқ. 

Шу тариқа олтин-валюта захиралари йилни рекорд даражада якунлади. Бунга асосан 2025 йилда олтин нархлари тарихий рекордларни янгилагани сабаб бўлди. 

Декабр ойининг ўзида захиралар миқдори 5,1 млрд долларга кўпайган бўлса, бунда олтин нархининг ўсиши таъсири +2,9 млрд долларни ташкил қилди. 

2

2025 йил давомида жаҳон олтин нархлари 70 фоиздан кўпроқ ўсди. Бу олтин учун сўнгги 50 йилдаги энг яхши кўрсаткичга айланди. 

Йил бошида қимматбаҳо металлнинг глобал нархи унцияда 2 650 доллар атрофида эди. Декабрда 4 500 долларлик марра кесиб ўтилди. 

Халқаро захиралар таркибида 2025 йил олтин 32 млрд доллардан 55 млрд долларга, хорижий валютадаги активлар 8,6 млрд доллардан 10,6 млрд долларга кўпайди. 

Қимматли қоғозлар эса кескин ошиб, 101 млн доллардан 1,5 млрд долларга кўтарилди. Марказий банк қимматли қоғозларга инвестицияни 2024 йилнинг ёзида, 35 млн доллар билан бошлаган эди. Уларнинг таркиби асосан АҚШ давлат облигациялари билан шакллантирилган. 

Ўзбекистон захиралари 2025 йилнинг иккинчи қисмида тезроқ кўпайди. Бунга сабаб сифатида бу даврда олтин нархлари ўсиши тезлашгани ва олтин сотуви камроқ амалга оширилганини келтириш мумкин. 

Октябрь ва ноябрь ойларида Ўзбекистон умуман олтин экспортини амалга оширмади. Йил бошида кўпроқ олтин сотилгани сабаб 11 ой якуни бўйича рекорд даражадаги 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилинган. 

Сўнгги йилларда ўзгариш қандай?

2017 йилда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари камтарроқ кўринишда эди — 28 млрд доллар.

image_2026-01-10_10-05-11

Сўнгги йилларда фақат 2018 ва 2023 йилларда захиралар камайган, қолган йилларда ўсиш кузатилган. 

2025 йил сўнггига келиб захираларда 392 тонна олтин мавжуд. 2022 йилда олтин захиралари 396 тоннагача чиқиб, рекордни қайд этганди.

Таққослаш учун қўшни Қозоғистон захираларида 324 тонна, Қирғизистонникида 40,7 тонна Тожикистонникида 7,4 тонна олтин бор. 

Айни пайтда Ўзбекистоннинг халқаро захиралари қарийб 1,5 йиллик импортни молиялаштириш учун етади. Жаҳон бўйича бу борада 3 ойлик кўрсаткич нормал сифатида қаралади. Яъни Ўзбекистон анчагина ишончли захираларга эга.

2026 йил олтин нархи қандай бўлади? 

Олтин нархи аксарият таҳлилчилар томонидан 2026 йилда ҳам ўсиши кутилмоқда. JP Morgan таҳлилчилари кейинги йил охирида олтинни 5 200—5 300 доллар атрофида бўлади деб кутмоқда. Goldman Sachs прогнози эса 4 900 доллар атрофида

Ушбу кутилмалар амалга ошадиган бўлса, 2026 йилда ҳам Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ўсишда давом этади. 

Марказий банк олтин нархи 2026 йилга келиб 4 000 доллар атрофида бўлишини прогноз қилганди. Вазиятга қараб нарх 5 500 долларгача чиқиши ёки 2 500 долларгача арзонлаши ҳам мумкин.


Теглар

Мавзуга оид