Зоминда янги қурилган сув канали бузилиб, аҳоли уйларига сув тошгани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқ фаоли масъуллардан канал қурилишига қанча маблағ сарфлангани, пудратчи ташкилот номи ва юзага келган вазият бўйича ким жавобгарлиги юзасидан маълумот талаб қилмоқда.
© Videodan kadrЗомин туманининг «Гулшан» МФЙ ҳудудидаги Тиғириқ қишлоғида янги қурилган сув каналида носозлик юзага келди. Бунинг оқибатида сув аҳоли яшаш пункти ва хонадонларига кирган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ фаоли Худойберди Зоминий маълум қилди.
Хабарга кўра, канал қурилиши жараёнида техник хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилмаган. Хусусан, ер остидан ўтаётган қувурларнинг оғзига хавфсизлик учун махсус панжаралар ўрнатилмаган. Айни вақтда аҳоли хонадонларига жиддий зарар етмагани айтилмоқда.
Худойберди Зоминий ўз чиқишида мазкур объектнинг сифати ва уни қабул қилиб олиш жараёни юзасидан масъулларга бир қатор саволлар билан юзланган.
«Бу канални ким қабул қилиб олган? Ким «ҳаммаси жойида» деб имзо чеккан? Қайси ташкилот бунинг сифатига жавоб беради? Агар бугун канал бузилиб, сув одамларнинг уй-жойига, томорқасига хавф солаётган бўлса, бу шунчаки «техник носозлик» эмас. Бу — масъулиятсизлик», - дейилади постда.
Шунингдек, муаллиф туман масъулларидан канал қурилишига қанча маблағ сарфлангани, пудратчи ташкилот номи ва юзага келган вазият бўйича ким жавобгарлиги юзасидан очиқ маълумот беришни талаб қилмоқда.





