50 минг долларгача мукофот пули оладиган мактаб ўқувчилари, Валюта операциялари ва хорижий инвестициялар тартибига киритилган ўзгартириш ва Ўзбекистонда барпо этиладиган 5 та янги сел-сув омбори — 27-май дайжести

Kecha 22:453 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

50 минг долларгача мукофот пули оладиган мактаб ўқувчилари, Валюта операциялари ва хорижий инвестициялар тартибига киритилган ўзгартириш ва Ўзбекистонда барпо этиладиган 5 та янги сел-сув омбори — 27-май дайжести

Мактаб ўқувчилари 50 минг долларгача мукофот олиши мумкин

Президентнинг «Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун миллий китобхонлик ҳаракати ташкил этилади.

Танлов уч босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқич онлайн шаклда махсус электрон платформа орқали ўтказилади, кейинги босқичлар эса ҳудудий ва республика даражасида ташкил этилади. Танловда биринчи ўринни эгаллаган икки нафар иштирокчининг ҳар бири 50 минг АҚШ доллари ва диплом билан тақдирланади. Иккинчи ўрин соҳиблари 30 минг доллар, учинчи ўрин ғолиблари эса 15 минг доллар мукофот олади. Шунингдек, бешта қўшимча номинация бўйича ғолибларга ҳам 10 минг доллардан пул мукофоти ва диплом берилиши белгиланган.

Марказий банк валюта операциялари тартибини ўзгартирмоқчи

Ўзбекистон Марказий банки капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операцияларини соддалаштириш ва резидентларнинг хорижда инвестиция фаолиятини аниқ қоидалар асосида тартибга солишни назарда тутувчи янги ўзгартишлар лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Лойиҳада резидентларга айрим ҳолатларда дастлабки рухсатсиз хорижда инвестиция фаолиятини амалга ошириш имконияти берилиши таклиф этилмоқда. Хусусан, давлат иштирокидаги корхоналар 100 минг АҚШ долларигача, хусусий компаниялар эса 200 минг долларгача бўлган инвестицияларни қўшимча рухсатсиз амалга ошириши мумкин бўлади.

Жисмоний шахслар бир йил давомида 10 минг долларгача бўлган хорижий инвестиция операцияларини эркин амалга ошира олади.

Ўзбекистонда 5 та янги сел-сув омбори барпо этилади

Президентнинг «Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, янги омборлар сув ресурсларини тўплаш ва мавсумий сув танқислигини юмшатишга хизмат қилади. Ҳужжатда мазкур инфратузилма лойиҳаларини 2027 йилдан Самарқанд, Тошкент ва Жиззах вилоятларида амалга ошириш белгиланган.

Қуриладиган сел-сув омборлари орқали Самарқанд вилоятида 7 минг гектар, Тошкент вилоятида 2 минг гектар ва Жиззах вилоятида 300 гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, қўшимча янги ер майдонларини ўзлаштириш имконияти ҳам яратилади.

Қарорга мувофиқ, лойиҳалар давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади. Айрим объектларни молиялаштиришда «Агробанк» АТБ маблағлари ва хусусий инвесторлар иштирок этади.

Қурбон ҳайити арафасида 50 га яқин мураккаб операция ўтказилди

Соғлиқни сақлаш тизими маълумотларига кўра, қарийб 50 нафар беморда юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик операциялари амалга оширилди. 194 нафар бемор бола тиббиёт муассaсаларига ётқизилган. Уларнинг 40 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилган.

Шунингдек, онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган 112 нафар бемор ҳам шифохоналарга жойлаштирилди. Уларнинг 5 нафарида мураккаб жарроҳлик операциялари бажарилди. Бундан ташқари, яна 14 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига ётқизилиб, уларнинг икки нафарида жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилди.

Ўзбекистон асосан қайси давлатларга маҳсулот экспорт қилмоқда?


Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон 5,8 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилди. Ўзбекистон маҳсулотларини энг кўп харид қилган давлатлар рейтингида Россия биринчи ўринни эгаллади. Ушбу мамлакатга экспорт ҳажми 1,1 миллиард долларга етган. Иккинчи ўриндан Хитой жой олди — 641,7 миллион доллар.

Кейинги ўринларда Афғонистон 443,6 миллион доллар, Франция 405,9 миллион доллар ва Қозоғистон 282,8 миллион долларлик кўрсаткич билан қайд этилди. Шунингдек, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон, Тожикистон ва Гонконг ҳам Ўзбекистоннинг йирик экспорт бозорлари қаторига кирди.

Teglar

Mavzuga oid

50 минг долларгача мукофот пули оладиган мактаб ўқувчилари, Валюта операциялари ва хорижий инвестициялар тартибига киритилган ўзгартириш ва Ўзбекистонда барпо этиладиган 5 та янги сел-сув омбори — 27-май дайжести | Vaqt.uz