Мактаб ўқувчилари 50 минг долларгача мукофот олиши мумкин
2026 йилдан бошлаб мактаб ўқувчилари ўртасида уч босқичли китобхонлик танлови ташкил этилади.

Президентнинг «Ёшлар орасида китобхонлик дастурини кенг жорий этиш ва уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун миллий китобхонлик ҳаракати ташкил этилади.
Ҳужжатда белгиланишича, танлов ҳар йили уч босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқич онлайн шаклда махсус электрон платформа орқали ўтказилади, кейинги босқичлар эса ҳудудий ва республика даражасида ташкил этилади.
Танлов жараёни
Маълум қилинишича, дастур иштирокчилари ёш тоифалари бўйича сараланади ва белгиланган мезонлар асосида баҳоланади.
Биринчи босқич «kitobxonlikharakati.uz» электрон платформасида рўйхатдан ўтган ҳолда онлайн ўтказилади. Иккинчи ва учинчи босқичлар иштирокчиларнинг бевосита иштироки асосида ташкил этилади.
Тизим юқори синф ўқувчилари учун алоҳида рағбатлантириш механизмларини ҳам назарда тутади. Хусусан, 6–8 ва 9–11 синф тоифалари бўйича ғолиблар ҳамда совриндорларга йирик миқдордаги пул мукофотлари берилади.
Мукофот пуллари
Танловда биринчи ўринни эгаллаган икки нафар иштирокчининг ҳар бири 50 минг АҚШ доллари ва диплом билан тақдирланади.
Иккинчи ўрин соҳиблари 30 минг доллар, учинчи ўрин ғолиблари эса 15 минг доллар мукофот олади. Шунингдек, бешта қўшимча номинация бўйича ғолибларга ҳам 10 минг доллардан пул мукофоти ва диплом берилиши белгиланган.





