Абитуриентларга B1 сертификати учун бериладиган балл тасдиқланди
Чет тили йўналишларига топширувчи B1 миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар учун бериладиган балл фоизи маълум қилинди.
© sun'iy intelektОлий таълим муассасаларига қабул ва таълим тизимида сертификатларни тан олиш тартибига муҳим ўзгартишлар киритилди. Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган янги ҳужжатга мувофиқ, чет тили фани мавжуд бўлган бакалавриат таълим йўналишларига киришда B1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентларга ҳам балл берилади.
Янги тартибга кўра, мазкур тоифадаги абитуриентлар чет тили фанидан белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи миқдорида балл олади.
Шунингдек, инглиз тили бўйича TOEFL iBT сертификатининг мувофиқлик даражаси энди 1–6 баллик тизим асосида белгиланади.
Педагогларга янги устамалар
Ҳужжатда педагог ходимларни рағбатлантиришга қаратилган қатор янгиликлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, инглиз тили бўйича TKT, TESOL, TEFL ва TESL сертификатлари учун устама тўлашда уларнинг амал қилиш муддати инобатга олинади.
Касбий таълим муассасаларида хорижий тилда махсус фанларни ўқитувчи педагоглар учун ҳам қўшимча имтиёзлар жорий қилинди. Улар миллий ёки халқаро тан олинган B2 даражадаги сертификатга эга бўлса, лавозим маошининг 50 фоизи, C1 даражаси учун эса 100 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама олади.
Қўшимча имкониятлар
Янги қоидалар Digital SAT сертификатига ҳам тааллуқли. Унга кўра, мазкур сертификатнинг математика бўлимида 750 ва ундан юқори балл тўплаган ўқитувчиларга устама белгиланади.
Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритувчи мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига B+ ва ундан юқори даражадаги сертификатлар учун ҳам қўшимча ҳақ тўланади.





