Аҳолига бериладиган бепул дори воситалари рўйхати тасдиқланди

Bugun 09:251 daqiqa

Ўзбекистонда онкологик, руҳий, юрак-қон томир, эндокрин ва бошқа касалликларни даволашга мўлжалланган 69 та дори воситаси бепул берилади.

Аҳолига бериладиган бепул дори воситалари рўйхати тасдиқланди © ssv

Ўзбекистонда аҳолига бепул бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига кўра, реимбурсация дастури доирасида қамраб олинадиган касалликлар ва дори воситалари аниқ белгилаб берилди.

Ҳужжатга мувофиқ, янги тартиб 2027 йил 1 январдан кучга киради. Унга кўра, сурункали касалликларни даволаш учун зарур бўлган 69 турдаги дори воситалари давлат томонидан қоплаб берилади.

Қандай дорилар киритилган?

Рўйхат Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан келишилган бўлиб, унда онкологик, руҳий, юрак-қон томир ва эндокрин касалликларини даволашга мўлжалланган препаратлар киритилган. Жумладан, Аспирин, Бисопролол, Омепразол, Трамадол, Амброксол, Калий йодид ва Гепарин каби дори воситалари мавжуд.

Реимбурсация тизими дори воситалари учун қилинган харажатларни давлат томонидан қоплашни англатади. Бу механизм, айниқса, сурункали касалликларга чалинган беморлар учун узлуксиз даволаниш имкониятини таъминлашга қаратилган.

Бепул дориларни қаердан олиш мумкин?

Тартибга кўра, беморлар оилавий шифокор томонидан берилган электрон рецепт асосида Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналардан дори воситаларини бепул олади. Бу эса аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиради.

Дастур доирасида дори воситаларини бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги 619-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

Teglar

Mavzuga oid