АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюради

Bugun 09:302 daqiqa

АҚШ жамоат дипломатияси масалалари бўйича давлат котиби ўринбосари Сара Роджерс 27 майдан 10 июнгача Ҳиндистон, Непал, Ўзбекистон ва Туркманистонга расмий ташриф билан боради.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюради

АҚШ Давлат департаменти жамоат дипломатияси бўйича давлат котиби ўринбосари Сара Роджерснинг Марказий Осиёга ташрифи ҳақида маълум қилди. Сафар доирасида у Ўзбекистон ва Туркманистонда қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, жамоат дипломатияси масалалари бўйича давлат котиби ўринбосари Сара Роджерс 27 майдан 10 июнгача Ҳиндистон, Непал, Ўзбекистон ва Туркманистонга расмий ташриф билан боради.

Ташрифнинг мақсади

Ташрифдан асосий мақсад АҚШнинг минтақа давлатлари билан гуманитар, таълим, маданий ва ахборот соҳаларидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашдан иборат экани айтилмоқда. Шунингдек, сафар доирасида оммавий коммуникациялар, жамоатчилик дипломатияси ва минтақавий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ҳозирча Сара Роджерснинг Ўзбекистонда қайси манзилларга ташриф буюриши ёки кимлар билан учрашиши ҳақида расмий маълумот очиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, 6-апрел куни Вашингтонда Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини расман ишга тушириш маросими бўлиб ўтган эди. Унда кенгаш ҳамраислари – Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор иштирок этган.

Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 25 фоизга ошган. Бу ҳақда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор «Миссия» дастурига берган интервюсида маълум қилган.

2026-йилнинг январ ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 1,7 млрд долларни ташкил этган бўлса, шунинг 32,1 млн доллари АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Йиллар кесимида қаралса, икки давлат орасидаги савдо айланмаси 2023-йилда 765,1 млн доллар, 2024-йилда 1 млрд 24,9 млн доллар, 2025-йилда эса 1 млрд 203,7 млн долларни ташкил этган. 2025-йилда 712,3 млн долларлик товар ва хизматлар АҚШдан импорт қилинган.

Teglar

Mavzuga oid