АҚШнинг айрим иттифоқчилари Трампнинг Ҳўрмуз бўғози бўйича талабини рад этди
Фридрих Мерц АҚШ ва Исроил урушни бошлашдан олдин Германия билан маслаҳатлашмаганини айтди. Трамп эса у каби иттифоқчилардан норози. Шунингдек, АҚШ президенти Эроннинг қўшни давлатларга қарши жавоб зарбалари кутилмаган бўлганини ва бунда шокда қолганини билдирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп айрим Ғарб иттифоқчиларини миннатдор эмасликда айблади. Бунга сабаб бир қатор давлатлар унинг Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган нефт танкерларини қўриқлаш учун ҳарбий кемалар юбориш ҳақидаги талабини рад этгани бўлди. Шу пайтда Эрон Форс кўрфазида нефт инфратузилмасига ҳужумларни давом эттирмоқда.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши учинчи ҳафтага кирди ва унинг якунланиши ҳали кўринмаяпти. Дунё нефти ва суюлтирилган газининг тахминан 20 фоизи ўтадиган стратегик Ҳўрмуз бўғози асосан ёпиқ ҳолда қолмоқда. Бу эса энергия нархларининг ошиши ва инфляция хавотирларини кучайтирмоқда.
АҚШнинг бир қатор ҳамкорлари, жумладан Германия, Испания ва Италия ҳозирча бу стратегик сув йўлини қайта очиш учун кемалар юбориш режаси йўқлигини билдирди. Бу бўғозни Эрон дронлар ва денгиз миналари орқали амалда ёпиб қўйган.
«Бизда Асосий қонунга мувофиқ талаб қилинадиган БМТ, Европа Иттифоқи ёки НАТО мандати йўқ», – Германия канцлери Фредрих Мерц Берлиндаги чиқишида.
У, шунингдек, Вашингтон ва Исроил урушни бошлашдан олдин Германия билан маслаҳатлашмаганини қўшимча қилди.
Вашингтондаги Оқ уй тадбирида сўзлаган Трамп айрим давлатлар ёрдам беришга тайёрлигини билдирганини айтди, аммо узоқ йиллик иттифоқчилардан айримларидан норози эканини яширмади.
«Баъзилари жуда катта иштиёқ билан ёндашмоқда, баъзилари эса йўқ. Айримлари биз узоқ йиллар давомида ёрдам бериб келган давлатлар. Биз уларни ташқи хавфлардан ҳимоя қилдик, лекин улар унчалик иштиёқли эмас. Мен учун айнан шу иштиёқ даражаси муҳим», – деди у аниқ мисоллар келтирмасдан.

Дронлар ва ракеталар бутун минтақа бўйлаб ҳужум қилмоқда
Бугун, 17-март куни эрталаб ҳар икки томон ҳужумларни тўхтатмади. Исроил Теҳрон бўйлаб «Эрон режими инфратузилмаси»га, шунингдек, Байрутдаги «Ҳизбуллоҳ» объектларига зарба бераётганини маълум қилди. Бу баёнотдан бир кун олдин Исроил камида яна уч ҳафталик уруш учун батафсил режалар тузганини айтган эди.
Эрон эса тун давомида Исроилга қарши ҳужумлар уюштирди. Бу, уруш бошланганига икки ҳафтадан ошган бўлса-да, Теҳрон ҳали ҳам узоқ масофали зарбалар бериш қобилиятига эга эканини кўрсатди. Шунингдек, у Бирлашган Араб Амирликларини ҳам нишонга олди, ҳужумлар оқибатида ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилди ва Фужайра шаҳридаги нефт объекти иккинчи кун кетма-кет дрон зарбасига учради.
16-март куни одатда дунёдаги энг гавжум аэропортлардан бири бўлган Дубай халқара аэропорти бир неча соатга ёпилди. Фужайрада нефт юклаш ишлари тўхтатилди, Абу Дабидаги Шаҳ газ конидаги фаолият эса дрон ҳужумларидан сўнг тўхтатилди.
Эрон маълум қилишича, дам олиш кунлари Харг оролидаги ҳарбий объектларга қилинган АҚШ зарбалари БАА ҳудудидан амалга оширилган. Шу боис Теҳрон агар бошқа давлатлар ҳудудидан шундай ҳужумлар амалга оширилса, уларнинг нефт ва газ инфратузилмасини нишонга олишини огоҳлантирди.
Шунингдек, Эрон Яқин Шарқдаги АҚШга тегишли саноат объектларини ҳам нишонга олишини билдириб, бундай корхоналар яқинида яшовчиларни ҳудудни тарк этишга чақирди.
Ироқ хавфсизлик манбаларига кўра, 17-март куни эрталаб Боғдоддаги АҚШ элчихонасига ракета ва камида бешта дрон орқали ҳужум қилинди. Бу уруш бошланганидан бери энг кучли ҳужум сифатида баҳоланмоқда. Икки нафар АҚШ расмийси ҳозирча жабрланувчилар ҳақида маълумот йўқлигини айтди.
«Ҳеч ким бундайини кутмаган эди. Биз шокда қолдик»
Доналд Трамп 16-март куни эрталаб Эроннинг қўшни давлатларга, жумладан Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Кувайтга қарши жавоб зарбалари кутилмаган бўлганини айтди.
«Улар (Эрон) Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга ҳужум қилмаслиги керак эди. Ҳеч ким бундайини кутмаган эди. Биз шокда қолдик», – деди у.
Бироқ, АҚШ расмийси ва разведка маълумотларидан хабардор икки манбага кўра, Эронга ҳужум қилиш АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчиларига қарши жавоб зарбаларига олиб келиши мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирилган эди.
17-март куни эрталаб нефт нархлари таъминот бўйича хавотирлар туфайли 2 фоиздан кўпроқ ошди ва олдинги кунги йўқотишларни қисман қоплади. Шу билан бирга, Осиё бозорлари ҳам душанба кунги пасайишдан сўнг тиклана бошлади.
Уруш бошланганидан бери, яъни 28-февралда АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилганидан буён, Яқин Шарқ бўйлаб камида 2000 киши ҳалок бўлган. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчийнинг маълумотига кўра, улар орасида камида 200 нафар бола бор.





