Август ойида қайси ҳудудларда уй-жой нархи пасайди?

16.09.2025 | 11:004 daqiqa

Август ойида уй-жой бозорида савдо айланмаси камайди, бироқ йиллик кўрсаткичлар ижобий динамикани намоён этди.

Август ойида қайси ҳудудларда уй-жой нархи пасайди?
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) маълумотларига кўра, августда республика бўйлаб уй-жой олди-сотди шартномалари сони 25 мингтани ташкил этди. Бу кўрсаткич июл ойига нисбатан 4,6 фоизга кам, бироқ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 13 фоизга юқори. Энг катта ўсиш Сирдарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кузатилди. Иккиламчи уй-жой бозорида август ойида нархлар июлга нисбатан ўртача 1 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда эса ўсиш 4 фоизни ташкил қилди. Сурхондарё вилоятида ўтган йилдан буён 17 фоизлик нарх ўсиши қайд этилган бўлиб, ундан кейин Жиззах ва Сирдарё вилоятлари турибди. Тошкент шаҳрида августда иккиламчи уй-жой нархлари ўтган ойга нисбатан 0,2 фоизга кўтарилган бўлса-да, йиллик ҳисобда 2,3 фоизга пасайди. Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Яшнобод туманларида арзонлашиш айниқса яққол намоён бўлди. Бирламчи бозорда эса йил давомида 0,7 фоизлик ўсиш қайд этилди, энг катта кўтарилиш Миробод ва Яккасарой туманларида кузатилди. Ижара бозори эса барқарорлигини сақлаб қолди. Август ойида пойтахтда ўртача ижара нархи бир метр квадрат учун 8 доллар даражасида қолди. Шу билан бирга, Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара қиммати ўртача 10,3 долларга етган. Йиллик ҳисобда эса ижара нархи 1,8 фоизга арзонлашди, айниқса Учтепа, Чилонзор ва Бектемир туманларида пасайиш катта бўлди. ИТИМнинг таъкидлашича, июл ойи якунида бозор кескин фаоллашган бўлса, августда фаоллик бир оз пасайди. Бироқ умумий йиллик кўрсаткичлар Ўзбекистон уй-жой бозорида ижобий динамика сақланаётганини кўрсатмоқда.

Teglar

Mavzuga oid