Блогер Сирожиддин Одилов ҳибсга олингани айтилмоқда
VAQT.UZ манбаси «Sirojiddin Media» номи билан танилган блогер ички ишлар органлари томонидан ушланганини айтмоқда.

Блогер Сирожиддин Одилов ҳибсга олингани айтилмоқда. Бу ҳақда VAQT.UZ манбаси хабар берди.
Ҳозирча ишнинг бошқа тафсилотлари маълум эмас. VAQT.UZ вазият бўйича расмий муносабат олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳолат ўрганилаётганини билдирди.
Очиқ маълумотларга қараганда, Сирожиддин Одилов 2017-йилда «Sirojiddin Media» МЧЖни таъсис этган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам ўзининг ижтимоий тармоқлаги саҳифасида мазкур ҳолатнинг ўзига маълум бўлган тарафларини очиқлади. Унинг ёзишича, жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман суди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик)да акс этган жиноятни содир этганликда гумонланган Сирожиддин Одиловни қамоққа олишга санкция берган.
«Сирожидиннинг жиноят иши дебочаданоқ процессуал хатолар билан бошланди. Эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича маҳкамага пойтахтдан борган икки нафар адвокат ордери бўла туриб қўйилмади, аксинча, давлат адвокати иштирок этди. Ҳимояланиш ҳуқуқи шахснинг империатив ҳуқуқи бўлиб, бундай ҳуқуқнинг бузилиши жиноят ишининг холис кўрилишига шубҳа уйғотади», – деб ёзади Ташанов.
Медиа шахслари билан боғлиқ олдинги кейслар
Маълумот учун, 2026-йил 16-январ куни «Taftish.uz» сайтининг беш ходими процессуал тартибда қўлга олинган.
Ички ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, «Elita Media» МЧЖга қарашли «Taftish.uz» таҳририяти ходимлари «жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик ва фирибгарлик содир этганлик»да айбланмоқда. Шунингдек, 27 нафар фуқаронинг мурожаатлари асосида 21 та ҳолатда Жиноят кодексининг 168-моддаси, (фирибгарлик) 165-моддаси, (товламачилик) 139-моддаси (туҳмат) ва 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) назарда тутилган жиноят аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2026-йил феврал ойида эса Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан «Demokrat.uz» интернет нашри раҳбари Фазлиддин Меҳмонов ҳамда блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Маълумотга кўра, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди — товламачилик айби билан иш очилган. Тергов органлари уларни тадбиркордан йирик миқдорда пул талаб қилишда гумон қилмоқда. ИИББнинг билдиришича, 2026-йил 29-январ куни Меҳмонов жабрланувчидан 3 минг доллар олган, 10-феврал куни эса 17 минг долларни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан далилий ашёлар билан ушланган.





