БМТ: «Тинчлик келишуви» Ғазодаги ўлимларни тўхтата олмади

13.02.2026 | 22:252 daqiqa

2025 йил октабрда ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганидан сўнг Исроил ҳужумлари оқибатида 591 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

БМТ: «Тинчлик келишуви» Ғазодаги ўлимларни тўхтата олмади

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг расмий вакили Марта Уртадо Гомес ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганидан кейин ҳам Исроил ҳужумлари давом этаётгани ва янги қурбонларга сабаб бўлаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, 2025 йил октабрдан бери бу ҳужумлар оқибатида 591 фаластинлик ҳаётдан кўз юмган.

«Бу ўлимлар Исроилнинг гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини эътиборсиз қолдиришни давом эттираётганини кўрсатмоқда», - деди Гомес БМТнинг Женева бўлимида ўтказилган брифингда

У ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганига қарамай, ҳужумлар давом этаётганини таъкидлади.

Гомес, шунингдек, Исроил босқинчи куч сифатида Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғида ҳам ўз мажбуриятларини бажармаётганини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, юритилаётган сиёсат икки давлат тўғрисидаги қарорнинг амалга оширилишини хавф остига қўймоқда. У БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси аввалроқ бу борада тегишли ҳисобот эълон қилганини эслатиб ўтди.

Бундан олдин Исроил Хавфсизлик кенгаши Ғарбий қирғоқнинг расман Фаластин маъмурияти бошқарувидаги ҳудудларида назорат ва кузатув фаолиятини кучайтириш тўғрисидаги қарорларни маъқуллаган эди.

Яқин Шарқдаги кескинликнинг янги тўлқини 2023 йил октябрида Ғазо секторида бошланган кенг кўламли қуролли тўқнашувлардан сўнг юзага келди. Халқаро ҳамжамият ва БМТнинг кўплаб чақириқларига қарамай, минтақада барқарор тинчликка эришиш имконсиз бўлиб қолмоқда. 2025 йилнинг кузида эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишуви инсонпарварлик инқирозини юмшатиш ва тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлар сонини камайтиришни мақсад қилган эди. Бироқ, амалда ҳарбий ҳаракатларнинг давом этиши ва Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғида назоратнинг кучайтирилиши халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ҳамда минтақада икки мустақил давлат қуриш ғоясининг заифлашишига олиб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid