Logo

Боғча болаларининг оммавий заҳарланиши бўйича 11 кишига ҳукм чиқарилди

Bugun 15:202 daqiqa

2025-йилнинг охирларида Тошкент вилоятининг Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг заҳарланиш ҳолатлари кузатилган эди. Ушбу жиноят юзасидан айбдорларга суд ҳукми ўқилди.

Боғча болаларининг оммавий заҳарланиши бўйича 11 кишига ҳукм чиқарилди

Тошкент вилояти Бўка туман судида 2025-йил сентябрь ойида Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Пискент ва Қуйи Чирчиқ туманларида содир бўлган мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатларига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланди. Бу ҳақда Олий суд Жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Азиз Абидов хабар берди.

Унга кўра, 11 нафар судланувчини Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.

Ҳукмга кўра «Shark Milk Product» МЧЖнинг 1985-йилда Тошкент вилоятида туғилган директори Р. О., 1987-йилда Қашқадарё вилоятида туғилган бош технологи А. С. ва  1982-йилда Тошкент вилоятида туғилган технологи Р. Х. га 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1985-йилда Тошкент вилоятида туғилган, таъсисчи ва сотув бўлими менежери С. С. , 1990-йилда Тошкент вилоятида туғилган таъсисчи ва директори ўринбосари Ф. О., 1991-йилда Тошкент вилоятида туғилган технолог ёрдамчиси М. Н. га 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари 1993-йилда Бухоро вилоятида туғилган, «Governess Business» МЧЖ директори Ж. Х., 2000-йилда Сирдарё вилоятида туғилган, «Innavation Outsourcing Servise» МЧЖ директори И. С., 1992-йилда Сирдарё вилоятида туғилган, «Nishon Invest» МЧЖ директори Б. Р., 1993-йилда Тошкент вилоятида туғилган, «Kinder Garden Group» МЧЖ директори Ф. Д., 1997-йилда Тошкент вилоятида туғилган, «Shark Milk Product» МЧЖ лаборанти Д. Қ. га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Суд ҳукми билан судланувчиларга Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2025-йилнинг 24-сентябр куни Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар соғлиғида ўзгариш кузатилиб, улар юқумли касалликлар бўлимига олиб борилгани ҳақида хабар берган эдик. 109 нафар бола тана ҳарорати, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлар билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Ўрганишлар натижасида боғча болалари заҳарлангани аниқланган барча туман ММТБлари «Shark Milk Product»дан 3,2 фоизли қадоқланган кефирни тендер ёки танловларсиз, тўғридан-тўғри шартномалар орқали харид қилиб келгани аниқланган.

Teglar

Mavzuga oid