Болгария ишчи кучи танқислигини қоплаш учун ўзбекистонликларга мурожаат қилди
«Trading Economics» маълумотларига кўра, энг кам иши ҳақига ишлаётган ўзбекистонлик Болгарияда 7,1 баравар кўпроқ ишлаб топиши мумкин.

Сўнгги уч йил ичида Болгария тобора ортиб бораётган ишчи кучи танқислигини бартараф этиш учун 108 мингдан ортиқ хорижий ишчини ёллади. Мамлакатдаги ишга ёллайдиган бир қатор фирмаларнинг саҳифаларида ўзбекистонликлар учун иш эълонлари жойлаштирилмоқда. Бу ҳақда «Balkan Insights» хабар берди.
Мамлакатнинг меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазири Наталья Ефремова Болгарияда ишсизлик жуда паст — 2,8 фоиздан 3,2 фоизгача экани, аммо кўплаб маҳаллий ишсизларнинг малакаси пастлигини айтиб, чет элликларни ишга ёллаш кераклигини урғулаган.
«Бандлик идораларида рўйхатдан ўтган одамлар гуруҳлари мавжуд, аммо афсуски, уларнинг деярли ярми жуда паст малакага эга ёки умуман малакага эга эмас. Бу бугунги кунда меҳнат бозори дуч келаётган асосий қийинчилик. Шу сабабли иш берувчилар керакли ишчи кучини таъминлаш мақсадида тобора кўпроқ чет элга мурожаат қилмоқда», — деди Ефремова.
2026-йилда Болгарияда Европа Иттифоқидан бўлмаган, одатда Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон, қолаверса, Индонезия, Непал ва Ҳиндистондан бўлган хорижий ишчилар сони энг юқори чўққига чиқиши кутилмоқда.
Болгария Миллий бандлик агентлигининг ёзги сайёҳлик мавсуми бошланишидан олдин март ойида эълон қилган маълумотларига кўра, мамлакатда 18 минг 989 нафар янги хорижий ишчи ишлай бошлаган ва умумий сон 2025-йилда кузатилган аввалги энг юқори кўрсаткич — 49 минг 179 ишчидан ошиб кетиши кутилмоқда. Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Пловдивда Ўзбекистон ва Ҳиндистондан борган мигрантлар жамоат транспортида ҳайдовчи сифатида ишга кирмоқда. Сабаби ҳайдовчи бўлиб ишлашни хоҳлайдиган болгарияликларнинг аксарияти кекса ёшда экани таъкидланган.
8-июль куни Болгария миллий телевидениеси ушбу мамлакатлардан борган 150 га яқин ҳайдовчи энди Пловдив кўчаларида ҳаракатлана бошлаши ва уларнинг иш билан таъминланиши ёллаш фирмаси ва муниципалитет ўртасидаги ҳамкорлик орқали таъминланишини хабар қилди. Турли ишга ёллаш агентликларининг веб-сайтларида ишчилар одатда иш муддати бўйича гуруҳларга ажратилади: қисқа муддатга, бир неча ойга ёки бутун йил давомида ишлаш учун талаб қилинадиган ходимлар.

Осиёдан борган ишчиларни Болгарияда таклиф этилаётган юқори маошлар ўзига жалб қилмоқда. У ерда улар оладиган иш ҳақи ўз ватанларидагига нисбатан камида икки баравар юқори. Улар фақат хизмат кўрсатиш соҳасида эмас, балки қишлоқ хўжалигида ҳам ишламоқда. Молиявий таҳлил платформаси бўлмиш «Trading Economics» маълумотларига кўра, собиқ СССР давлати бўлган Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи ойига 87 евродан (99,4 доллар) кам, ўртача ойлик иш ҳақи эса тахминан 424 еврони (484 доллар) ташкил этади. Болгарияда эса энг кам ойлик иш ҳақи қарийб 620 еврога (708 доллар) тенг.
Мигрант ҳайдовчиларнинг Пловдив шаҳрига бориши айни нозик даврга тўғри келмоқда. Чунки маҳаллий аҳоли транспорт тизимидаги муаммолар, йўл ҳаракати инфратузилмасининг яхши йўлга қўйилмагани ҳамда хусусий транспорт компанияларига ҳаддан ташқари қарамлик сабабли тез-тез норозилик намойишлари ўтказмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Минскда бўлиб ўтган музокараларда ўзбекистонликларни оиласи билан бирга Беларусга кўчиб бориб, у ерда ишлашга чақирганди. У Ўзбекистонда сув етишмаслиги ва ер масаласида муаммолар борлигини айтиб, ўзининг мамлакатида ресурслар кўплигини урғулади.





