Электромобили борларга имтиёз, бепул бериладиган дорилар рўйхати ва йилдан йилга пасаётган газ қазиб олиш - 4-май дайжести

Kecha 22:143 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Электромобили борларга имтиёз, бепул бериладиган дорилар рўйхати ва йилдан йилга пасаётган газ қазиб олиш - 4-май дайжести

Аҳолига бериладиган бепул дори воситалари рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистонда аҳолига бепул бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига кўра, реимбурсация дастури доирасида 69 турдаги дори воситаси давлат томонидан қоплаб берилади ва янги тартиб 2027 йил 1 январдан кучга киради.

Рўйхатга онкологик, руҳий, юрак-қон томир ва эндокрин касалликларни даволашга мўлжалланган препаратлар киритилган. Жумладан, Aspirin, Bisoprolol, Omeprazole каби дори воситалари ҳам қамраб олинган.

Тартибга кўра, беморлар оилавий шифокор берган электрон рецепт асосида шартнома тузилган дорихоналардан ушбу дори воситаларини бепул олади. Бу механизм сурункали касалликларга чалинган беморлар учун узлуксиз даволаниш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.

Энди Ўзбекистонда чет эл валютасида облигациялар чиқариш мумкин бўлади

Ўзбекистонда «Тартибга солиш қумдони» режими доирасида чет эл валютасида облигациялар чиқаришга рухсат берилди. Адлия вазирлиги 29 апрель куни тегишли ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди ва янги механизм капитал бозори имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Янги тартибга кўра, резидент юридик шахслар (аудиторлик хулосасига эга бўлган ҳолда) валюта облигацияларини чиқариши мумкин. Бир эмитент учун умумий лимит 50 млн доллар эквивалентидан ошмаслиги белгиланган. Облигациялар таъминланган ёки таъминланмаган ҳолда чиқарилиши мумкин, аммо капиталдан ортиқ қисми учун таъминот талаб этилади.

Мазкур жараёнларни назорат қилиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги зиммасига юклатилган. Янги тартиб инвесторлар учун қўшимча молиявий инструментлар яратиш ва бозорни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

АҚШдан 26 ўзбекистонлик депортация қилинди

1 май куни АҚШдан 26 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди. Қайд этилишича, ушбу шахслар мамлакатда қонуний қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган ва депортация чегара хавфсизлигини таъминлаш чоралари доирасида амалга оширилган.

Маълумотларга кўра, Доналд Трамп президентликка келганидан бери 1000 дан зиёд ўзбекистонлик АҚШдан чиқариб юборилган. Элчихона ноқонуний кирган шахслар қамоқ жазосига тортилиши ва мамлакатдан депортация қилиниши мумкинлигини таъкидлаган.

Бу илк ҳолат эмас: 2026 йил март ойида 72 нафар, январда 44 нафар ўзбекистонлик депортация қилинган. АҚШ томони Ўзбекистон билан бу жараёндаги ҳамкорликни юқори баҳолаган.

Электромобил эгаларига субсидия жорий этилади

Ўзбекистонда электромобил эгалари учун электр энергияси харажатларининг бир қисмини давлат қоплаб бериш режалаштирилмоқда. Энергетика вазирлиги томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, зарядлаш шохобчаларида 1 kWh учун 300 сўмдан ошган қисми бюджет ҳисобидан субсидия қилинади ва механизмни 2026 йил 1 майдан жорий этиш таклиф этилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, тариф 1000 сўм/kWh бўлганда субсидия 700 сўмни ташкил қилиши мумкин. Давлат харажатлари 2026 йилда 246 млрд сўм, 2030 йилга бориб эса 819 млрд сўмгача етиши прогноз қилинмоқда.

Субсидиялар солиққа тортилмайди ва ҳар ой Soliq иловаси орқали фуқароларнинг банк карталарига ўтказилади. Лойиҳа 17 майгача жамоатчилик муҳокамасида қолади.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йилдан йилга пасаймоқда

2026 йил март ойида Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш 2,7 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 30,8 фоизга камайди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, кунлик қазиб олиш ҳажми ҳам 125,8 млн куб метрдан 87,1 млн куб метрга тушган.

2026 йилнинг биринчи чорагида жами 9,6 млрд куб метр газ қазиб олингани қайд этилди, бу ўтган йилга нисбатан 15 фоизга кам. Шу билан бирга, нефт қазиб олиш ҳам бироз қисқарган, аммо айрим саноат йўналишларида ўсиш сақланиб қолган — хусусан, электр энергияси ва дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳажми ошган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров бу каби кескин пасайишни ноодатий ҳолат сифатида баҳолаб, бу йирик конлардаги муаммолар ёки тизимли инқироз билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтган. Шу билан бирга, ёқилғи импорти ҳажми ҳам ошиб, энергетика соҳасида босим кучайиб бораётгани кузатилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid