Энди мобил рақамни бошқа шахс номига онлайн ўтказиш мумкин
Ўзбекистонда мобил рақамни бошқа шахс номига MyGov орқали онлайн ўтказиш хизмати ишга туширилди.
© my.gov.uzЎзбекистонда мобил алоқа хизматларини рақамлаштириш доирасида янги қулайлик жорий этилди. Энди фойдаланувчилар ўз мобил телефон рақамларини бошқа шахс номига онлайн тарзда ўтказиши мумкин. Бу ҳақда MyGov портали маълум қилди.
Аввалги тартибга кўра, рақам эгасини ўзгартириш учун ҳар икки томон — амалдаги эга ва янги эгалик қилувчи шахс — мобил оператор офисига шахсан бориши, навбат кутиши ва тегишли ҳужжатларни имзолаши лозим эди.
Амаллар кетма-кетлиги
Энди барча жараёнлар рақамлаштирилди. Фойдаланувчи MyGov портали ёки унинг мобил иловаси орқали «Мобил рақамни қайта расмийлаштириш» хизматини танлаб, керакли маълумотларни киритиши ва ариза юбориши мумкин.
Ариза бериш жараёнида ҳар икки томоннинг розилиги талаб этилади. Бу розилик MyID биометрик идентификация тизими орқали Face-ID усулида тасдиқланади. Бу эса хавфсизлик ва шаффофликни таъминлайди.
Хизматни кўрсатиш муддати 1 кундан 5 кунгача этиб белгиланган. Бу эса фойдаланувчилар учун вақт тежаш имконини яратади.
Ушбу қулайлик чекланганмобил операторлари абонентлари учун
Ҳозир мазкур хизмат Uztelecom, Beeline ва Mobiuz мобил операторлари абонентлари учун мавжуд. Қолган операторлар учун ҳам хизмат босқичма-босқич жорий қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, хизмат учун тўлов миқдори ҳар бир мобил операторнинг тариф сиёсатига боғлиқ равишда белгиланади. Айрим ҳолларда, хусусан яқин қариндошлар ўртасида рақамни ўтказиш бепул амалга оширилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 22-апрелдан мобил иловалар ёки банк карталарига бириктирилган телефон рақами ўзингизга тегишли бўлмаса, белгиланган муддатдан кейин ушбу рақам орқали иловадан фойдаланиш имкони чекланади.





