Эрон билан уруш АҚШга қанчага тушади? «Эпик ғазаб»нинг баҳоси
АҚШ президенти Доналд Трампнинг «Эпик ғазаб» операцияси Эроннинг ҳарбий қудратини яксон қилишни кўзлаган. Бироқ бир кунлик ҳарбий ҳаракатлар учун 779 миллион доллар сарфланиши ва мураккаб ракета тизимларининг тугаб бораётгани Вашингтонни қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин.

28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга биргаликда берган авиазарбалари натижасида АҚШ ва Эрон ўртасидаги узоқ давом этаётган қарама-қаршилик янги босқичга чиқди ва бу очиқ ҳарбий ҳаракатларнинг бошланишини англатади.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳарбий ҳаракатлар тўрт-беш ҳафта давом этиши мумкинлигига ишора қилар экан, биз Вашингтон Яқин Шарқдаги янги уруш юкини кўтара оладими ёки йўқми, шунингдек, бу якунда қанчага тушиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
«Эпик ғазаб» операцияси
28 феврал куни Трамп «Truth Social» тармоғида эълон қилган саккиз дақиқалик видеомурожаатида АҚШнинг Эрон ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганини тасдиқлади.
Кейинчалик Пентагон мазкур миссияга «Эпик ғазаб» операцияси деб ном берилганини маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, мақсад «Эроннинг ядровий қуролга эга бўлмаслигини таъминлаш»дир.
«Биз уларнинг ракеталарини йўқ қиламиз ва ракета саноатини ер билан яксон қиламиз. У бутунлай вайрон қилинади», дея қўшимча қилди у.
АҚШ ҳарбийлари операция бошланганидан бери Эрондаги 1250 дан ортиқ нишонга зарба берганини маълум қилди. АҚШ ҳарбийларининг Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) алоҳида баёнотида Эроннинг 11 та кемасига зарба берилиб, улар йўқ қилинганини билдирди.
Хабарларга кўра, операция доирасида авиазарбалар берилган, денгиздан қанотли ракеталар учирилган, шунингдек, ядровий иншоотлар ва Эрон мудофаа тизимига алоқадор юқори мартабали шахсларга қарши мувофиқлаштирилган ҳужумлар амалга оширилган.
1989 йилдан бери мамлакатни бошқариб келган Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоминаи АҚШ ва Исроил зарбаларининг биринчи тўлқинида ҳалок бўлди.
2 март куни Трамп урушни қанча керак бўлса, шунча давом эттиришга ваъда бериб, у бир неча ҳафтага чўзилиши мумкинлигини тахмин қилди. Душанба ҳолатига кўра, Эрон Қизил Ярим Ой жамияти мамлакатнинг 130 та ҳудудида 555 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
АҚШ 2023 йилдан бери Исроил ва Яқин Шарқда қанча маблағ сарфлади?
Браун университетининг 2025 йилги «Уруш харажатлари» ҳисоботига кўра, 2023 йил 7 октабрдан буён АҚШ Исроилга қарийб 21,7 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам тақдим этган.
Бундан ташқари, америкалик солиқ тўловчилар АҚШнинг Яман, Эрон ва бутун Яқин Шарқда Исроилни қўллаб-қувватлашга қаратилган операцияларини молиялаштирган ва бунинг харажати 9,65 миллиард доллардан 12,07 миллиард долларгача етган.
Бу эса АҚШнинг мазкур можаро билан боғлиқ умумий харажатларини 31,35 миллиард доллардан 33,77 миллиард долларгача оширди ва бу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда.
Эрон урушида қандай қурол тизимларидан фойдаланилмоқда?
CENTCOM Эрон ичкарисидаги 1000 дан ортиқ нишонга ҳаво, денгиз ва қуруқликдаги 20 дан ортиқ турли тизимлар, шунингдек, ракета мудофааси кучлари ёрдамида зарба берилганини таъкидламоқда.
«Ҳозирда АҚШ ва Исроилнинг асосий эътибори Эроннинг вайронкор ҳужумларни давом эттириш имконини берувчи ҳужум салоҳиятини иложи борича тезроқ заифлаштириш ёки йўққа чиқаришга қаратилган. Мақсад – бу ҳужумларни тўхтатиш ёки ҳеч бўлмаганда имкон қадар камайтиришдир», - деди CENTCOM операциялари бўйича собиқ директор Кевин Донеган «Ал-Жазира» телеканалига.
Урушда қўлланилган қурол тизимларининг айримлари қуйидагилар:
Ҳарбий-ҳаво кучлари:
Ҳарбий ҳаракатлар давомида асосан АҚШ авиациясига таянилди, жумладан:
· B-1: Бомбардимончи самолётлар;
· B-2 «Стелс»: Асосий ядровий ва ҳарбий инфратузилмаларга зарба бериш мақсадида ишлатилган бомбардимончи самолётлар;
· F-35 Lightning II ва F-22 Raptor: Замонавий «стелс» русумидаги қирувчи самолётлар;
· F-15: Кенг миқёсда қўлланилган қирувчи самолётлар (1 март куни Кувайт осмонидаги ҳодиса оқибатида улардан учтаси йўқотилган);
· F-16 Fighting Falcon, F/A-18 Super Hornet ва A-10: Зарба бериш ва бошқа кучларни қўллаб-қувватлаш вазифаларини бажаргани тасдиқланган ҳужумкор самолётлар;
· EA-18G Growler: Электрон ҳужум уюштириш ва душманнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини ишдан чиқариш учун қўлланилган.Эрта огоҳлантириш ва бошқариш авиацион тизимлари (AWACS): қўмондонлик, назорат ва жанг майдонини бошқаришни таъминламоқда.
Дронлар ва узоқ масофага зарба берувчи тизимлар
Операция доирасида учувчисиз тизимлар ва ракета артиллерияси ҳам қўлланилмоқда:
· LUCAS дронлари: Эрон лойиҳалари асосида яратилган ушбу «арзон учувчисиз жанговар ҳужум тизими» (камикадзе дронлари) жанговар шароитда биринчи марта қўлланилмоқда;
· MQ-9 Reaper дронлари: кузатув ва аниқ зарба бериш вазифаларида фаол иштирок этмоқда;
· M-142 (HIMARS): Юқори ҳаракатчан артиллерия ракета тизимлари (қуруқликдаги ракета артиллерияси);
· Tomahawk қанотли ракеталари: Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларидан учирилган.
Ракета мудофаа тизимлари
· «Patriot» тутиб олувчи ракета тизимлари ва THAAD (Юқори баландликдаги мудофаа тизими): Эроннинг баллистик ракеталари ва дронларини тутиб олиш учун ишлатилмоқда
· Дронларга қарши тизимлар.
Ҳарбий-денгиз қудрати
· «USS Gerald R Ford» ва «USS Abraham Lincoln» бошчилигидаги иккита авиаташувчи зарба бериш гуруҳи: денгизда улкан қудратни таъминламоқда
· P-8 Poseidon: денгизда кузатув ва разведка ишларини олиб бормоқда
· Юк ва ёнилғи ташувчи самолётлар: C-17 Globemaster, C-130 Hercules ва ҳавода ёнилғи қуювчи турли самолётлар логистика ва таъминотни узлуксиз амалга оширмоқда.
Эрон билан уруш АҚШга қанчага тушиши мумкин?
Давом этаётган ҳарбий кампаниянинг умумий қийматини олдиндан айтиш қийин. Экспертларнинг фикрича, янги уруш якунда АҚШ учун қанчага тушиши мумкинлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта.
«Пентагон бу маълумотни эълон қилмаган, шунинг учун биз фақат тахмин қилишимиз мумкин... аммо бу ерда жуда кўп ўзгарувчан омиллар бор, биз алоҳида қуроллар қийматини, операциялар, хусусан, ҳарбий-денгиз операциялари харажатларини тахмин қилишимиз мумкин», деди Стимсон марказининг катта илмий ходими Кристофер Пребл «Ал-Жазира» телеканалига.
«Анадолу» ахборот агентлиги ҳисоботларига кўра, АҚШ «Эпик ғазаб» операциясининг дастлабки 24 соати ичида тахминан 779 миллион доллар сарфлаган бўлиши мумкин.
Зарбадан олдинги ҳарбий тайёргарлик, жумладан, самолётларни қайта жойлаштириш, ўндан ортиқ ҳарбий-денгиз кемаларини сафарбар этиш ва минтақавий захираларни жалб қилиш қўшимча 630 миллион долларга тушган деб баҳоланмоқда.
Янги Америка хавфсизлиги маркази маълумотларига кўра, «USS Gerald R Ford» каби авиаташувчи зарба бериш гуруҳини бошқариш кунига тахминан 6,5 миллион долларга тушади.
Шунингдек, техника йўқотишлари билан боғлиқ харажатлар ҳам мавжуд.
Кувайтда камида учта АҚШ қирувчи самолёти уриб туширилган.
Аммо экспертларнинг таъкидлашича, энг катта муаммо молиявий барқарорлик эмас, балки қурол-яроғ захираси бўлиши мумкин.
«Харажатлар нуқтаи назаридан бунга бардош берса бўлади. Яъни, АҚШда триллион долларлик мудофаа бюджети бор ва уни 1,5 триллион долларга етказиш сўралган. Мен буни даҳшатли деб ҳисоблайман, аммо президент бунга қарор қилган», деди Пребл.
«Шундай қилиб, бир триллион доллар кўп нарсага етади. Асосий масала АҚШ арсеналидаги қуролларнинг, айниқса, тутиб олувчи ракеталарнинг — баллистик ракеталарни тутиб олиш учун ишлатиладиган Patriot ёки SM-6 каби стандарт ракеталарнинг ҳақиқий захираси қанчалигидадир».
Пребл ракеталарни тутиб олишнинг юқори суръатлари чексиз давом эта олмаслигидан огоҳлантирди.
«Ҳозирги операциялар суръати, яъни тутиб олинган ракеталар сони бўйича, албатта, чексиз давом эта олмайди ва эҳтимол, бир неча ҳафтадан ортиққа чўзилмаслиги мумкин, деб тахмин қилиш мантиқан тўғри», деди у.
Унинг қайд этишича, июн ойида Эрон билан бўлиб ўтган 12 кунлик можаро давомида ҳам шунга ўхшаш хавотирлар юзага келган ва ўшанда АҚШ ҳамда Исроил кучларида тутиб олувчи ракеталар захираси тугаб бораётгани ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди. Шундан бери айрим захиралар тўлдирилган бўлиши мумкин бўлса-да, тутиб олувчи ракеталар бошқа ҳудудлар учун ҳам мўлжалланган.
«Ушбу тутиб олувчи ракеталарнинг бир қисми Россия зарбаларига қарши туриш учун Украинага юборилиши керак эди. Баъзилари Осиёда, Ҳинд-Тинч океани минтақасида қўлланилади. Улар ўша ерда кутилмаган ҳолатлар юз бергудек бўлса, жуда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шунинг учун, бу қуролларни ушбу минтақалардан олиб кетиш маълум хавотирларни келтириб чиқаради», деди Пребл.
Уларнинг ўрнини тўлдириш эса тез фурсатда амалга ошмайди.
«Patriot ёки SM-6 ракеталари... ўта мураккаб тизимлардир. Улар кунига юзлаб ёки минглаб дона ишлаб чиқарилмайди. Ишлаб чиқариш суръати у қадар юқори эмас», — дея қўшимча қилди у.





