Logo

Ғазо ва Украина: урушдан кейинги қайта қуришга қанча керак?

Украинани қайта қуриш харажатлари Ғазони тиклаш учун зарур маблағдан қарийб саккиз баравар юқори баҳоланмоқда. Уруш тугаган тақдирда ҳам, унинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш жараёни яна узоқ йиллар давом этиши мумкин.

Ғазо ва Украина: урушдан кейинги қайта қуришга қанча керак?

Урушлар тугайди, аммо уларнинг иқтисодий оқибатлари ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолади. Бугун Ғазо ва Украина бунга яққол мисол бўлиб турибди. Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, икки ҳудудни қайта тиклаш учун жами қарийб 660 млрд доллар талаб этилади.

БМТ, Европа Иттифоқи ва Жаҳон банкининг 2026 йил апрель ойидаги баҳосига кўра, Ғазони қайта қуриш учун келаси ўн йил ичида 71,4 млрд доллар зарур.

Ҳисоботда қайд этилишича, уруш натижасида 371 мингдан ортиқ уй-жой вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган. Иқтисодиёт ҳажми эса қарийб 84 фоизга қисқарган.

Энг оғир зарба аҳоли зиммасига тушган. Расмий маълумотларга кўра, 72,5 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, аҳолининг тахминан 60 фоизи ёки 1,9 миллион киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Шунингдек, уруш оқибатлари Ғазонинг инсон тараққиёти даражасини 77 йил орқага суриб юборган.

Украина учун ҳисоб-китоблар янада каттароқ рақамларни кўрсатмоқда.

Жаҳон банки, БМТ, Европа комиссияси ва Украина ҳукумати қайд этишича, мамлакатни тиклаш учун кейинги ўн йилда 588 млрд доллар керак бўлади.

Бу маблағ Украина иқтисодиётининг бир йиллик ҳажмидан қарийб уч баравар кўп.

Энг катта зарар транспорт, энергетика ва уй-жой соҳаларига етган, хусусан:

      транспорт инфратузилмаси — 96 млрд доллар;

      энергетика соҳаси — 91 млрд доллар;

      уй-жой фонди — 90 млрд доллар.

Шунингдек, уруш оқибатида 6 миллиондан ортиқ украиналик мамлакатни тарк этиб, хориждан бошпана излашга мажбур бўлган. Яна 4,6 миллион киши эса ўз юртида қолган ҳолда доимий яшаш жойини тарк этган.

Қайси ҳудуд кўпроқ зарар кўрган?

Бир қарашда Украина учун ҳисобланган 588 млрд доллар Ғазодаги 71,4 млрд доллардан анча юқори кўринади. Аммо бу ерда муҳим омил — ҳудуд ва аҳоли фарқи.

Украина майдони 603 минг квадрат километр, аҳолиси эса тахминан 40 миллион киши. Ғазо сектори эса атиги 365 квадрат километр майдон ва 2,3 миллион аҳолига эга.

Шу сабабли Украинада зарарнинг умумий ҳажми каттароқ бўлса-да, Ғазода вайронагарчиликнинг аҳоли ва ҳудудга нисбатан таъсири анча юқори ҳисобланади.

Уруш тугаса ҳам харажатлар тугамайди

Ҳар икки ҳудуд учун ҳам энг катта муаммо энди қурол эмас, маблағ масаласи бўлиб қолмоқда. Ғазода халқаро донорлар ҳали зарур маблағларни тўлиқ йиғгани йўқ. Украинада эса ҳар ой янги ҳужумлар ва инфратузилма йўқотишлари тиклаш харажатларини янада оширмоқда.

Кўриниб турибдики, талаб этилаётган маблағлар айрим давлатларнинг йиллик иқтисодиётидан ҳам катта. Бу эса урушларнинг иқтисодий зарари кўп ҳолларда ҳарбий харажатлардан ҳам юқори бўлишини яна бир бор тасдиқлайди.

Teglar

Mavzuga oid

Ғазо ва Украина: урушдан кейинги қайта қуришга қанча керак? | Vaqt.uz