Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндорлари аниқланди
2026-йилги иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти макроиқтисодий барқарорлаштиришнинг микроиқтисодий асосларини ишлаб чиққан олимлар Роберт Ҳолл ва Майкл Вудфорд берилди.
© Reuters2026-йилги иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти америкалик олимлар Роберт Ҳолл ва Майкл Вудфорд берилди. Улар «макроиқтисодий барқарорлаштиришнинг микроиқтисодий асослари»ни ишлаб чиққани учун мукофотга сазовор бўлди.
Роберт Ҳолл Стенфорд университети, Майкл Вудфорд эса Колумбия университети вакили ҳисобланади. Олимларнинг тадқиқотлари иқтисодий ўсиш ва пасайиш даврларини юмшатиш, шунингдек, пул-кредит ва бюджет сиёсатининг самарадорлигини оширишга қаратилган.

Иқтисодиётдаги кескин тебранишлар ишлаб чиқариш, истеъмол ва бандликка таъсир қилади. Иқтисодий пасайиш даврида фоиз ставкаларини тушириш ёки давлат харажатларини ошириш талабни рағбатлантириши мумкин. Иқтисодиёт ортиқча қизиб кетганда эса аксинча чоралар талаб этилади.
Бироқ бундай сиёсатнинг натижаси қарорлар қачон қабул қилиниши ва аҳоли ҳамда бизнеснинг уларга қандай муносабат билдиришига боғлиқ. Ҳолл ва Вудфорднинг ишлари айнан шу боғлиқликларни тушунтиришга хизмат қилади.
Моделлардаги янги ёндашув
1970-йиллардаги нефт инқирозлари Ғарб иқтисодиётида мураккаб вазиятни юзага келтирди. Паст иқтисодий ўсиш, юқори ишсизлик ва инфляциянинг бир вақтда кузатилиши ўша даврдаги иқтисодий моделлар ҳамда барқарорлаштириш сиёсатининг самарадорлигига нисбатан шубҳаларни кучайтирди.
Ҳолл ва Вудфорд макроиқтисодий моделларни уй хўжаликлари ва корхоналарнинг қарорларига асослаш ёндашувини ривожлантирди. Бу усул иқтисодиётдаги умумий ўзгаришларни алоҳида истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчиларнинг танловлари орқали тушунтириш имконини беради.
Мазкур ёндашувда одамлар жамғарма, истеъмол ва харажатлар бўйича қарор қабул қилганда келажакдаги даромадлар, нархлар ва иқтисодий сиёсатни ҳам ҳисобга олиши муҳим. Шу сабабли марказий банкнинг келгуси қарорлари ҳақидаги ишончли сигналлар ҳам иқтисодий фаолликка таъсир қилиши мумкин.
Ушбу моделлар иқтисодий сиёсатни фақат ўтган давр кўрсаткичларига эмас, балки одамлар ва бизнеснинг кутилмаларига таянган ҳолда баҳолаш имконини беради.
«Лауреатларнинг ишлари бутун дунё бўйлаб марказий банклар ва ҳукуматлар томонидан қўлланиладиган моделлар учун мустаҳкам назорат пойдеворини яратиб берди. Улар ёрдамида биз энергетика инқирозлари ёки уй хўжаликлари истеъмолининг кескин ўзгариши каби иқтисодий шокларга қарши курашишга яхшироқ тайёрмиз», – дейди Иқтисодиёт фанлари мукофоти қўмитаси раиси Жон Ҳасслер.
Маълумот учун, иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот 1968-йилда Швеция Марказий банки ташаббуси билан таъсис этилган ва 1969-йилдан бери бериб келинади. У Алфред Нобел васиятидаги дастлабки бешта мукофот таркибига кирмайди, аммо Нобел мукофотлари билан бир қаторда топширилади. Мукофотнинг умумий миқдори 12 млн швед кронаси ёки тахминан 1,2 млн долларни ташкил этади.





