Logo

Ўзбекистон саноатида ишлаб чиқариш 6,8 фоизга ўсди

Bugun 07:552 daqiqa

2025-йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 трлн сўмга етди. Саноатдаги корхоналар сони 7 фоизга, бандлар сони эса 9,3 фоизга кўпайди.

Ўзбекистон саноатида ишлаб чиқариш 6,8 фоизга ўсди © Prezident matbuot xizmati

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон саноатининг 2024–2025 йиллардаги ривожланиш кўрсаткичларини таҳлил қилди. Таҳлил натижаларига кўра, ўтган йили ишлаб чиқариш ҳажми, фаолият юритаётган корхоналар сони ва саноатда банд аҳоли сони бир вақтнинг ўзида ўсган.

1



Саноат ишлаб чиқариши 1,2 трлн сўмдан ошди

2025-йилда Ўзбекистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 163,2 трлн сўмни ташкил этди. 2024-йилда бу кўрсаткич 958,1 трлн сўм бўлган. Йил давомида саноат ишлаб чиқаришининг реал ўсиш суръати 6,8 фоизга етди.

Ишлаб чиқариш ҳажми билан бирга тармоқда фаолият юритаётган корхоналар сони ҳам ошди. 2025 йилда уларнинг сони 59,5 мингтага етиб, бир йилда 7 фоизга ёки қарийб 3,9 мингтага кўпайди.

Саноатда бандлар сони 1,89 млн нафарга етди

2025 йилда саноат тармоғида банд аҳоли сони 1,89 млн нафарни ташкил қилди. Бу 2024 йилга нисбатан 160,5 минг нафарга ёки 9,3 фоизга кўп.

Шундай қилиб, саноатда бандликнинг ўсиш суръати ишлаб чиқаришнинг реал ўсиш суръатидан юқори бўлди. Бироқ ушбу кўрсаткичларнинг ўзи меҳнат унумдорлиги қандай ўзгарганини аниқ баҳолаш учун етарли эмас.

Қайта ишлаш саноати маҳсулотларнинг 84,5 фоизини таъминлади

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қайта ишлаш саноати асосий ўринни эгаллади. 2025 йилда жами саноат маҳсулотларининг 84,5 фоизи ушбу тармоқ ҳиссасига тўғри келди.

Қолган қисмнинг 8,4 фоизи электр, газ таъминоти ва ҳавони кондициялаш, 6,6 фоизи тоғ-кон саноати, 0,5 фоизи эса сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларни бошқариш соҳаси ҳиссасига тўғри келди.

2


Қайта ишлаш саноатининг улуши корхоналар таркибида янада юқори бўлди. Жами фаолият юритаётган саноат корхоналарининг 92,7 фоизи шу тармоқда жамланган. Тоғ-кон саноатининг улуши 4,3 фоиз, сув таъминоти ва чиқиндиларни бошқариш соҳасиники 1,9 фоиз, электр ва газ таъминоти ҳамда ҳавони кондициялаш соҳасиники эса 1,1 фоизни ташкил этди.

Саноатдаги бандликнинг қарийб 90 фоизи қайта ишлаш тармоғига тўғри келди

3


Бандлик тақсимотида ҳам қайта ишлаш саноати етакчилик қилди. 2025 йилда саноатда ишловчиларнинг 89,9 фоизи ушбу тармоқда меҳнат қилди.

Электр, газ таъминоти ва ҳавони кондициялаш соҳасининг бандликдаги улуши 3,7 фоизни, тоғ-кон саноатиники 3,5 фоизни, сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларни бошқариш соҳасиники эса 2,8 фоизни ташкил этди.

Умуман, 2025 йил якунлари Ўзбекистон саноатида ишлаб чиқариш ҳажми, корхоналар сони ва бандлик ўсганини кўрсатади. Қайта ишлаш саноатининг маҳсулот ишлаб чиқаришдаги 84,5 фоизлик, корхоналар сонидаги 92,7 фоизлик ва бандликдаги 89,9 фоизлик улуши уни мамлакат саноатининг асосий таянч тармоғи эканини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid