Logo

Жаҳон банки Ўзбекистонга болалар таълими учун 100 млн доллар ажратди

Bugun 19:322 daqiqa

Ажратилган пуллар янги мактаблар қурилиши, 50 минг нафар педагог ва таълим тизими ходимларининг малакаси оширилишига сарфланади.

Жаҳон банки Ўзбекистонга болалар таълими учун 100 млн доллар ажратди

Жаҳон банки Ўзбекистонга бошланғич таълимни яхшилаш учун 100 млн доллар ажратади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Жаҳон банки кўмагида амалга ошириладиган BILIM дастури доирасида 2030 йилгача 2 миллионга яқин бошланғич синф ўқувчисининг таълим сифати яхшиланади. БИЛИМ дастури, аввало, мактаб инфратузилмаси етишмайдиган ва бошланғич таълим билан боғлиқ муаммолар энг долзарб бўлган ҳудудларни қамраб олади. Лойиҳа орқали болалар учун замонавий ва сифатли таълим шароитларини яратиш мақсад қилинган.

Дастур ҳақида

2030 йилгача дастур учта асосий йўналишда амалга оширилади. Биринчи йўналиш доирасида 50 минг нафар бошланғич синф ўқитувчиси, мактаб раҳбари ҳамда таълим тизими маъмурларининг педагогик ва бошқарув салоҳияти оширилади.

Иккинчи йўналишда янги мактаблар қурилиб, мавжуд таълим муассасалари кенгайтирилади. Натижада бошланғич мактаблар учун қўшимча 27 мингта ўқув ўрни яратилиши режалаштирилган.

Учинчи йўналиш эса таълим маълумотларини йиғиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришни назарда тутади. Бу мактабларда ресурсларни самарали тақсимлаш, режалаштиришни маълумотларга асослаш ҳамда таълим натижаларини яхшилашга хизмат қилади.

Дастурдан бошланғич мактабнинг 1–4-синфларида таҳсил олаётган қарийб 2 миллион нафар ўқувчи фойда кўради. Уларнинг ярмидан кўпи қизлар бўлиб, лойиҳа таълим сифатини ошириш орқали келажакда уларнинг меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш учун 150 млн доллар ажратган эди.

Teglar

Mavzuga oid