Logo

Жиноят ишидан сўнг янги мансаб олган собиқ ҳоким, пойтахтдаги «свет» ўчишларини ўрганувчи комиссия ва Янги Тошкентга кўчирилаётган Навоий музейи — 6 июл дайжести

Kecha 23:002 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Жиноят ишидан сўнг янги мансаб олган собиқ ҳоким, пойтахтдаги «свет» ўчишларини ўрганувчи комиссия ва Янги Тошкентга кўчирилаётган Навоий музейи — 6 июл дайжести

Тошкентдаги йирик электр узилишлари ортидан махсус комиссия иш бошлади

Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳрида сўнгги вақтларда кузатилган авариявий электр узилишлари сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия тузилганини маълум қилди. Комиссия электр тармоқлари ҳолати, авариялар келиб чиқиши, ускуналарнинг техник ҳолати ва ҳимоя тизимлари самарадорлигини таҳлил қилади.

28 июнь куни Яккасарой туманидаги «Юксак» подстанциясида содир бўлган авария оқибатида Тошкент шаҳри ва вилоятида электр таъминотида узилиш кузатилган эди. Ҳолат 55 мингта истеъмолчи ва айрим кичик ишлаб чиқариш корхоналарига таъсир кўрсатган.

Йиллик инфляция 6,4 фоизга етди. Ўзбекистонликлар чўнтагига нима қимматга тушди, нима арзонга?

Ўзбекистонда 2026 йил июнь ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этиб, йиллик кўрсаткич 5,5 фоиздан 6,4 фоизга ошди. Нархлар ўсишига асосан кўмир, ёқилғи, электр энергияси ва газ тарифларининг қимматлашиши таъсир қилди.

Июн ойида қўй гўшти, мол гўшти, гуруч, сут маҳсулотлари, бензин ва пропан нархи ошди. Мавсумий ҳосил сабаб бақлажон, помидор, булғор қалампири, бодринг ва картошка арзонлашди, бироқ бу умумий инфляция ўсишини тўхтатиб қолмади.

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Янги Тошкентга кўчирилади

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Янги Тошкентга кўчирилади. Фанлар академияси музей фаолияти тўхтатилмаслиги, ишлар ноёб қўлёзмалар ва экспонатларни хавфсиз сақлаш ҳамда янги бинога кўчириш жараёни билан боғлиқлигини маълум қилди.

Янги бино ишга тушгунга қадар қўлёзмалар ва архив материаллари Ислом цивилизацияси марказига, бошқа экспонатлар эса Фанлар академиясининг Антропология институтига вақтинча жойлаштирилади. Музейнинг 1934 йилда қурилган ҳозирги биноси 1968 йилдан буён капитал таъмирланмаган.

Тошкентда канализация суви каналга оқизилгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентнинг Яккасарой туманидаги «Better Best» МЧЖ қурилиш ҳудудида канализация қувури ёрилиши оқибатида чиққан оқова сувлар Салар каналига оқизилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан Экология бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари бошланди.

Канал сувидан намуналар олиниб, лаборатория таҳлилига юборилди. Текширув якунига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бузилгани тасдиқланса, айбдорларга нисбатан қонунчилик асосида чора кўрилади.

Жиноятда гумонланган собиқ ҳокимга Сурхондарёда янги мансаб берилди

Музработ туманининг собиқ ҳокими Эркин Алимов Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У 2018–2022 йилларда Музработ тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

2022 йилда ДХХ Алимовга нисбатан ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлиги моддалари билан жиноят иши қўзғатганди. У 1,7 млрд сўмлик 4,2 гектар ер майдонини аукционсиз яқин қариндошларига расмийлаштириб беришда гумонланган, аммо жиноят иши якуни бўйича расмий маълумот берилмаган.

Teglar

Mavzuga oid