Йиллик инфляция 6,4 фоизга етди. Ўзбекистонликлар чўнтагига нима қимматга тушди, нима арзонга?
2026 йилнинг июнида инфляция сезиларли даражада ошди. Кўмир, ёқилғи ва коммунал хизматлар нархи қимматлашди. Баъзи маҳсулотлар арзонлашгани нархларнинг ўсишини бироз секинлаштирди, лекин умумий нархлар барибир ошишда давом этяпти.
© sun'iy intelektЎзбекистонда 2026 йилнинг июн ойи инфляция даражаси 0,6 фоизни ташкил қилди ва нархлар ўсиши ойлик ҳисобда 3 баробар тезлашган. Йиллик ҳисобда эса инфляция даражаси 5,5 фоиздан 6,4 фоизга ошди. Бу ўтган йилнинг мос даврида 8,7 фоизни ташкил қилганди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.
Йилнинг иккинчи чорагида озиқ-овқат маҳсулотлари 8,6 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар эса 2,3 фоизга қимматлашди. Шунингдек, хизматлар бўйича ойлик кўрсаткич 1,8 фоизга ўсган. Таққослаш учун, бу 2025 йилга нисбатан 0,8 фоизга арзонлашганини кўрсатади.
Озиқ-овқат нархлари қандай ўзгарди?
Гўшт. Ой бошидан бошлаб айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсишда давом этди. Айниқса, қўй гўштининг нархи 23,1 фоизга ошиб, у озиқ-овқат бозорида нархи энг тез ўсган маҳсулотлардан бири бўлди. Шу билан бирга, суякли ва суяксиз мол гўшти нархлари 20,6 фоизга, гўшт қиймаси эса 2,9 фоизга кўтарилиб, гўшт маҳсулотлари бозорида умумий нарх ошиши кузатилди.
Апрель ҳолатига кўра, музлатилган импорт мол гўшти 5-15 минг сўмга қимматлашган. Жорий йилнинг апрель ойида музлатилган импорт мол гўшти нархлари ҳам, маҳаллий бозордаги гўшт нархлари ҳам ўсишда давом этди. Хусусан, республика бўйича 1 кг музлатилган мол гўштининг ўртача нархи 65–85 минг сўмни ташкил қилди.
Июнь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари динамикаси мавсумий омиллар таъсирида турлича шаклланди. Мева-сабзавот маҳсулотларининг арзонлашуви озиқ-овқат инфляциясини пасайтирган бўлса, айрим асосий истеъмол маҳсулотларида нархларнинг ўсиши давом этди.
Ой давомида нархи ошган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида гуруч ва гуруч оқшоғи етакчилик қилди. Унинг нархи бир ойда 2,3 фоизга қимматлади. Шунингдек, гречка ҳамда сут маҳсулотлари 1,2 фоизга, шакар 1 фоизга, тухум эса 0,8 фоизга қимматлаган.
Шу билан бирга, июнь ойида мавсумий ҳосилнинг бозорга кириб келиши мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг кескин пасайишига олиб келди. Энг катта арзонлашув бақлажонда кузатилиб, унинг нархи бир ойда 46,6 фоизга пасайди.
Шунингдек, помидор 38,3 фоизга, булғор қалампири 31,4 фоизга, бодринг 25 фоизга ва картошка 12,8 фоизга арзонлашди. Бундан ташқари, карам 5,6 фоизга ҳамда кўкатлар 4,4 фоизга арзонлаган.
Бироқ барча сабзавотларда нарх пасайиши кузатилмади. Ой давомида сабзи нархи 6,5 фоиз, пиёз эса 3,6 фоиз қимматга пулланган. Бу айрим маҳсулотлар бўйича мавсумий таклиф ва ҳудудлар кесимидаги ҳосилдорлик даражасини турлича эканини кўрсатади.
Июн ойида хизматлар нархлари
Ўтган ойда хизматлар соҳасида нархлар динамикаси турлича бўлди. Масалан, истеъмол нархларига кирган жами 98 турдаги хизматларнинг 71 тасида нархлар бир йил давомида 10 фоиздан кам ошган. Яъни хизматларнинг аксариятида нархлар кескин ошмаган.
Ёқилғи ва транспорт хизматлари. Транспорт соҳасида нархлар асосан ёқилғи ва йўловчи ташиш хизматлари қимматлашиши ҳисобига ошди. Бу транспорт харажатларининг кўпайишига сабаб бўлди.
Бир ойда бензин ўртача 3,9 фоизга қимматлашди, йиллик ҳисобда эса ўсиш 16,7 фоизни ташкил этди. Айниқса, АИ-92 маркали бензиннинг 1,6 фоизга ошгани аҳолининг кундалик транспорт харажатларига таъсир қиладиган асосий омил бўлди.
Benzin markasi | 2026-yil mayiga nisbatan |
AI-95 | +6,0 foiz |
AI-92 | +3,6 foiz |
AI-98 | +3,9 foiz |
AI-100 | +3,9 foiz |
O‘rtacha yillik | +16,7 foiz |
Газ ёқилғиларида эса нархлар турлича ўзгарди. Пропан 11,3 фоизга қимматлаб, 1литри 7 минг 800 сўмни ташкил қилди. Пропан нархи йиллик ҳисобда 41,1 фоизга ошди. Лекин метан нархининг ўсиш динамикаси 8,8 фоизга, йиллик ҳисобда эса 10,1 фоизга етди. Бу эса газ ёқилғисидан фойдаланадиган ҳайдовчилар харажатлари ортганини билдиради.
Жорий йилда айрим хизмат турлари арзонлашгани кузатилди. Энг катта пасайиш ички авиақатновларда қайд этилиб, нархлар 0,6 фоизни ташкил қилди. Бунга миллий валютанинг евро ва Швейцария франкига нисбатан курси, шунингдек, бир қатор йўналишлар бўйича ёқилғи йиғимлари миқдорининг ўзгариши таъсир кўрсатди.
Апрель ойидан бошлаб республика транспорт хизматлари 1,3 фоизга қимматлади. Аксинча темирйўл транспортидаги нархлар 0,3 фоизга арзонлашган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 7,8 фоизни ташкил қилган эди.
Коммунал хизматлар. 2026 йил июнь ойида инфляцияга энг катта таъсир кўрсатган йўналишлардан бири коммунал хизматлар тарифларининг оширилиши бўлди. Статистик маълумотларга кўра, электр энергияси нархи республика бўйича ўртача 9,6 фоизга ошди. Натижада мазкур хизматнинг ўзи ойлик истеъмол нархлари индексининг ўсишига 0,22 фоиз ҳисса қўшди.
Тармоқ гази нархи эса ўртача 10,7 фоизга қимматлаб, умумий инфляцияга 0,16 фоиз банд таъсир кўрсатди. Демак, электр энергияси ва газ тарифларининг янгиланиши июнь ойидаги инфляциянинг қарийб 0,4 фоизини шакллантирган.
Тарифлар барча истеъмолчилар учун бир хил эмас, балки истеъмол ҳажмига қараб оширилди. Электр энергияси бўйича 200 kWh гача истеъмол қилувчи абонентлар учун тариф 8,3 фоизга, 201–500 kWh оралиғида истеъмол қилувчилар учун эса 12,5 фоизга оширилди. Юқори истеъмол тоифаларида тарифлар 6,7–10 фоиз оралиғида кўтарилди. Худди шундай, табиий газ тарифлари ҳам истеъмол ҳажмига қараб 8–11,1 фоиз оралиғида қайта кўриб чиқилди.
Июнь ойида энг кескин нарх ўзгаришларидан бири кўмир бозорида кузатилиб, кўмир нархи 2,1 баробар ошди. Бунга 2026 йил июнь ойидан бошлаб кўмирнинг ижтимоий аҳамиятга эга товарлар рўйхатидан чиқарилиши ва унинг нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилингани сабаб бўлди. Натижада кўмир нархининг ўсиши якка ўзи ойлик инфляциянинг 0,48 фоизини ташкил қилиб, коммунал хизматлар гуруҳидаги энг муҳим инфляцион омиллардан бирига айланди.
Эътиборлиси шундаки, кўмир нархларининг қанчага оширилиши бўйича расмий баёнот ёки ҳужжат эълон қилинмаган.
Ҳудудлар кесимида кўрсаткичлар қандай?

Манба: Миллий статистика қўмитаси
Ҳудудлар кесимида июнь ойида ойлик инфляция 0,3–1 фоиз оралиғида шаклланди. Энг юқори ойлик инфляция Хоразмда қайд этилиб, нархлар бир ойда 1 фоизга ошди. Шунингдек, Фарғонада инфляция 0,9 фоизни ташкил этди. Энг паст кўрсаткич эса Сирдарёда кузатилиб, нархлар ой давомида 0,3 фоизга ўсди.
Йил бошидан буён нархларнинг энг катта ўсиши Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилиб, истеъмол нархлари 2025 йил декабрига нисбатан 3,6 фоизга ошди. Энг паст кўрсаткич эса Сирдарё вилоятида кузатилиб, инфляция 2,7 фоизни ташкил этди.
Йиллик инфляция ҳудудлар бўйича 5,7–6,8 фоиз оралиғида шаклланди. Энг юқори йиллик инфляция Самарқандда қайд этилиб, нархлар ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан 6,8 фоизга ошди. Ундан кейинги ўринларда Қашқадарё (6,7 фоиз) ва Андижон (6,6 фоиз) вилоятлари ўрин олган. Энг паст йиллик инфляция эса Сурхондарё вилоятида кузатилиб, 5,7 фоизни ташкил этди.
Умуман олганда, 2026 йил июнь ойида инфляция суръати нисбатан барқарор сақланган бўлса-да, электр энергияси, газ, кўмир ва ёқилғи нархларининг ошиши умумий нархлар ўсишининг асосий омили бўлди. Мева-сабзавот маҳсулотларининг мавсумий арзонлашуви инфляцион босимни қисман юмшатди, бироқ асосий товар ва хизматлар қимматлашуви сабаб аҳоли харажатлари юқорилигича қоляпти.
Теглар






