Logo

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Янги Тошкентга кўчирилади

Бугун 14:312 дақиқа

Фанлар академияси музей атрофидаги муҳокамалар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Янги Тошкентга кўчирилади © wikipedia.uz

Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи Янги Тошкентга кўчирилади. Бу ҳақда Фанлар академияси музей атрофида тарқалган хабарлар юзасидан берган изоҳида маълум қилди.

Муҳокамалар ёзувчи Шукур Жабборнинг ижтимоий тармоқда музей ёпилгани ҳақидаги хабарларидан кейин бошланган. Фанлар академияси ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш бериб, музей фаолияти тўхтатилмаслиги, амалга оширилаётган ишлар эса ноёб қўлёзмалар ва экспонатларни хавфсиз сақлаш ҳамда янги бинога кўчириш жараёни билан боғлиқлигини таъкидлади.

«Шу муносабат билан маълум қиламизки, музейда амалга оширилаётган ишлар унинг фаолиятини тўхтатиш ёки маданий меросга зарар етказишга эмас, аксинча, ноёб қўлёзмалар, архив материаллари ва бошқа музей бойликларини янада ишончли шароитда сақлаш, уларни рақамлаштириш ҳамда келажак авлодларга безиён етказишга қаратилган. Амалга оширилаётган жараёнлар белгиланган тартиб ва меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этилмоқда ҳамда ортиқча хавотирга ҳеч қандай асос йўқ», — дейилади расмий баёнотда.

Экспонатлар қаерга кўчирилади?

Маълумотларга кўра, янги музей биноси ишга тушгунга қадар:

— музей фондидаги қўлёзма ва тошбосма манбалар, шунингдек, «Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви» фонди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига;

— музейнинг бошқа экспонатлари эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Антропология институтига вақтинчалик сақлаш учун кўчириб ўтказилмоқда.

«2026-йил 9-июн куни белгиланган талаблар асосида музейда сақланаётган 847 дона нодир қўлёзма Ислом цивилизацияси марказининг махсус сақлаш хоналарига жойлаштирилди. Айни пайтга қадар 1 491 дона тошбосма манба, 439 та папкадаги фото-нусхалар, 145 та папкадаги плёнка ва негативлар, шунингдек, 1 416 512 та ҳужжатни ўз ичига олган “Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви” фонди бирламчи хатловдан ўтказилди. Ҳозирда қолган экспонатларни хатловдан ўтказиш жараёни давом этмоқда», — дейилади академия баёнотида.

Эски бино тақдири

Музей раҳбари Жаббор Эшонқулнинг маълум қилишича, 1934 йилда қурилган ҳозирги бино 1968 йилдан буён капитал таъмирланмаган. Шу сабабли объект вақтинчалик ёпилган.

Унинг таъкидлашича, музей Янги Тошкентдаги бинога кўчганидан кейин ҳозирги тарихий бинодан филиал сифатида фойдаланиш масаласи мутахассислар томонидан кўриб чиқилади.

Теглар

Мавзуга оид