Кўп қаватли уйлар яшил ҳудудини бетонлаштирганлар жаримага тортилади

Bugun 14:121 daqiqa

Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ва тупроқли ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштирган шахсларга катта миқдорда жарима жорий этилди.

Кўп қаватли уйлар яшил ҳудудини бетонлаштирганлар жаримага тортилади

Ўзбекистонда кўп квартирали уйларга туташ яшил ва тупроқли ер участкаларини ноқонуний равишда бетонлаштирганлар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Янги қонунга кўра, бундай ҳолатлар учун жарима белгиланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 25 март куни имзоланган қонун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва яшил ҳудудларни асрашга қаратилган. Ушбу ҳужжат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритади.

Жарима миқдори

Хусусан, кодекснинг 159-моддаси янги тўртинчи қисм билан тўлдирилди. Унга кўра, кўп қаватли уйларга туташ ерларда ўзбошимчалик билан бетон қоплама қилиш ёки турли қурилма ва конструкциялар ўрнатиш ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади.

Янги тартибга мувофиқ, бундай қоидабузарлик содир этган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача — 20 миллион 600 минг сўмгача жарима қўлланилади.

Мансабдор шахслар учун эса бу миқдор 100 бараваргача — 41 миллион 200 минг сўмгача етиши мумкин.

Шу билан бирга, агар қоидабузар шахс ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар, бетонлаштирилган ҳудудлар ёки ўрнатилган конструкцияларни ихтиёрий равишда бартараф этса, у маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Қонун 2025 йил сентябр ойида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган бўлиб, декабр ойида Сенат томонидан маъқулланган. Ушбу чоралар «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш ва шаҳарларда экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid