Крипто-тўловларга расмий рухсат, ХВЖдан «лаёқатсиз» банклар учун огоҳлантириш ва Ўзбекистон паспортининг кучи — 16-апрел дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда стейблкоинлар орқали тўловлар ва халқаро ўтказмаларга рухсат берилди
Ўзбекистонда стейблкоинлар айланмасига оид янги ҳуқуқий тартиб жорий қилиниб, улардан тўлов воситаси ва халқаро пул ўтказмаларида фойдаланишга рухсат берилди. Қоидалар Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан тасдиқланган бўлиб, блокчейн асосида тўлов тизимларини яратиш ва токенлардан ҳисоб-китобларда фойдаланиш учун ҳуқуқий асос яратилди.
Янги тартибга кўра, фақат реал пул маблағлари билан таъминланган стейблкоинлар чиқарилиши мумкин, алгоритмик ёки аноним токенлар тақиқланади. Улар Марказий банкдаги алоҳида ҳисобларда захираланади, бозор иштирокчилари учун киберхавфсизлик талаблари кучайтирилади. Компаниялар фаолияти миллий агентлик томонидан назорат қилиниб, пилот лойиҳалар 12 ой давомида синовдан ўтказилади.
ИИОнинг ҳибсдаги собиқ раҳбарлари озодликка чиқарилгани айтилди
Ички ишлар тизимида ишлаган 7 нафар собиқ мулозим, жумладан Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов озодликка чиқарилгани маълум қилинди. Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, улар давлатга етказилган зарарни қоплагани муносабати билан 15 апрель куни озод этилган.
Маълумотларга кўра, мазкур шахслар 186 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағини ўзлаштириш ҳолатлари бўйича жиноят иши доирасида қамоққа олинган эди. Уларнинг озод қилиниши бошқа айбланувчилар орасида норозиликка сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Ўзбекистон паспортининг дунё рейтингидаги ўрни кўтарилди
Henley & Partners рейтингига кўра, Ўзбекистон паспорти 2026 йил апрел ҳолатида 74-ўринга кўтарилиб, йил бошига нисбатан бир поғона яхшиланди. Ҳозирда ўзбекистонликлар 59 та давлатга визасиз ёки соддалаштирилган тартибда кириш имкониятига эга бўлиб, мамлакат Қирғизистон ва Мозамбик билан бир қатордан жой олган.
Марказий Осиёда Қозоғистон 61-ўрин (78 та давлат) билан етакчилик қилмоқда, Тожикистон 81-ўринда, Туркманистон эса 87-ўринда қайд этилган. Жаҳон миқёсида эса Сингапур етакчи бўлиб, унинг фуқаролари 192 та давлатга визасиз саёҳат қила олади, рейтингнинг энг қуйи поғонасида Афғонистон жойлашган.
Молиявий жарималарни бўлиб тўлаш имкони яратилди
Ўзбекистонда молиявий жарималарни либераллаштириш доирасида тадбиркорларга уларни енгил шартларда тўлаш имконияти яратилди. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб, агар жарима қарори топширилганидан кейин бир ой ичида унинг 50 фоизи ихтиёрий тўланса, қолган қисми бекор қилинади. Шунингдек, жаримани 6 ой давомида тенг қисмларга бўлиб тўлаш имкони ҳам берилмоқда.
Қарорга кўра, суд томонидан қарор бекор қилинса, ундирилган маблағлар 15 кун ичида қайтарилади, кечиктирилганда фоиз тўланади. 2027 йилдан молиявий жарималар электрон реестри ишга туширилиб, унга киритилмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шунингдек, тадбиркорлар учун судга онлайн шикоят бериш имконияти ҳам жорий этилади.
Самарасиз давлат банклари қайта тузилиши ёки тугатилиши керак – ХВЖнинг Ўзбекистонга тавсияси
Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда давлат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришни тезлаштиришни тавсия қилди. Ҳисоботда қайд этилишича, бу молиявий барқарорликни таъминлаш ва ресурслар тақсимоти самарадорлигини ошириш учун муҳим. Шу билан бирга, самарасиз ва «ҳаётга лаёқатсиз» банкларни қайта тузиш ёки тугатиш зарурлиги таъкидланган.
ХВЖ давлат банкларида активлар сифатини баҳолаш, корпоратив бошқарув ва риск-менежментни кучайтириш, муаммоли кредитларни халқаро стандартлар асосида таҳлил қилишни таклиф қилди. Шунингдек, имтиёзли кредит дастурларини қисқартириш, Марказий банк мустақиллигини таъминлаш, банкларни стресс-тест қилишни кучайтириш ва молиявий инклюзияни бозор механизмлари асосида ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.





