Лавров Германия билан «ҳақиқий уруш» бошланганини айтди
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Германиянинг Лейпцигдаги дрон ҳодисаси бўйича Москвага нисбатан айбловларини кескин танқид қилди. Берлин эса Россияни айбламоқда.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Германиянинг Лейпциг аэропортидаги дрон ҳодисаси бўйича Москвага қўйган айбловларини «ҳақиқий уруш» бошланишининг белгиси деб атади. У бу ҳақда 6 сентябр куни россиялик журналист Павел Зарубинга берган интервюсида билдирди.
«Лейпциг, аэропорт... Қандайдир дрон топишди. Уни Россия дрони дейишди, ҳеч ким текшириб кўрмади. Бу, умуман олганда, аслида, ҳақиқий урушнинг бошланиши», — деди Лавров.
Шунингдек, Лавров Германиянинг Бонн шаҳридаги Россия бош консуллигини ёпаётганини ва Берлиндаги Рус уйи фаолиятини тўхтатаётганини кескин қоралади. У бу ҳаракатларни Иккинчи жаҳон уруши арафасида Берлин томонидан дипломатик ваколатхоналарнинг ёпиб қўйилишига қиёслади.
Лейпцигда нима бўлди?
Август ойида Германиянинг Лейпциг шаҳридаги аэропорт ҳудудида дронлар билан боғлиқ учта ҳодиса юз берди. Германия ҳукумати ва Европа оммавий ахборот воситалари содир бўлган ҳодисаларга Россиянинг алоқаси борлигини билдирди.
5 август куни Лейпциг аэропорти ҳудудида Украинанинг «Ан» русумли юк самолёти яқинидан учувчисиз учиш аппарати топилди. Орадан 20 дақиқа ўтгач, DHL компаниясига тегишли самолёт қўнишга тайёрланаётган пайтда яна бир дрон пайдо бўлди. Экипаж ҳажми 30 сантиметрлик қурилмани пайқаб қолгач, самолётни иккинчи айланишга йўналтиришга ва Ганноверга қўнишга мажбур бўлган.
25 август куни Германия полицияси Лейпсиг/Галле аэропортидаги ҳодисадан сўнг учинчи дронни ҳам аниқлаган.
31 август куни Германия канцлери Фридрих Мерц дронлар билан боғлиқ ушбу вазиятга муносиб жавоб қайтариш мақсадида Берлин Европа Иттифоқи ва НАТО билан ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирганини эълон қилди.
Вазият кескинлашди
Бу воқеалар ортидан Германия ва Россия ўртасидаги дипломатик алоқалар янада таранглашди.
1 сентябр куни Германия ҳукумати Берлиндаги Рус уйи фаолияти тўғрисидаги битимни бекор қилди. 8 сентябр куни эса Россиянинг Бонндаги бош консуллиги ёпилади.
Шу билан бирга, Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул расмийлар Россия фуқаролари учун мамлакатга кириш назоратини кескин кучайтиришини маълум қилиб, Россиянинг «соя флоти»га нисбатан босимни оширишга чақирган.





