Маҳаллий туроператорларга тарғибот харажатлари учун 25 фоизгача компенсация берилади
2027 йилдан бошлаб сайёҳлар фикрини ўрганиш учун йилда икки марта махсус кузатувлар ўтказилиб, туризм сиёсати аниқ маълумотлар асосида шакллантирилади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30 апрелдаги ПҚ–161-сон қарори билан ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада замонавий лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш белгиланди.
Туризмни ривожлантириш занжири
Қарорга мувофиқ, «жозибадор манзил – лойиҳа – инфратузилма – тадбиркор – тарғибот – сайёҳ» занжири асосида янги ёндашув жорий этилади. Унга кўра, 34 та туризм объекти учун мастер режалар ишлаб чиқилади, шунингдек 31 та объект фаолияти йўлга қўйилиб, ривожлантирилади.
Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси республика ва маҳаллий даражадаги барча туристик зоналар ҳамда кластерлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи марказ сифатида ишлайди.
2026 йил 1 июндан бошлаб зиёратгоҳ ҳудудларида функционал чегаралар белгиланади, зарур ҳолларда кўп қаватли бинолар қуриш орқали ҳудудлар кенгайтирилади. Шу билан бирга, улардан фойдаланиш учун алоҳида дизайн-кодлар жорий этилади.
Соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида «давлат – бизнес – жамоатчилик – таълим» (Quattro) тизими йўлга қўйилади. 2027 йилдан эса сайёҳлар ўртасида йилига икки марта танланма кузатувлар ўтказиш амалиёти жорий этилади.
Тадбиркорларга имтиёзлар
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан туризм субъектларига молиявий кўмак берилади. Хусусан, хорижий туроператорлар вакилларининг транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.
Маҳаллий туроператорларнинг хорижда Ўзбекистонни тарғиб қилишга қаратилган харажатларининг 25 фоизигача (500 млн сўмгача) компенсация қилинади. Шунингдек, тадбиркорларнинг сайёҳлар учун маданий тадбирлар ташкил этиш харажатлари ҳам қисман молиялаштирилади.





