Мажбурий талабларни мақбуллаштириш бўйича янги тизим жорий этилади
Бозорлар фаолиятига оид 500 дан ортиқ талабни тизимлаштириш орқали уларнинг камида 30 фоизини мақбуллаштириш мумкинлиги маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 12-май куни танишган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида бюрократияни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимотда мажбурий талабларни қайта кўриб чиқиш ва уларни мақбуллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда бозорлар фаолиятига оид 20 га яқин ҳужжатда 500 дан ортиқ талаб тарқоқ ҳолда юритилмоқда. Уларни тизимлаштириш орқали талабларнинг 30 фоиздан ортиғини мақбуллаштириш мумкин.
Шунингдек, санитария талабларига мувофиқлик далолатномаси ҳамда кўрикдан ўтадиган ходимлар рўйхатини электрон тизим орқали шакллантириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.
Мажбурий талаблар реестри
Тақдимотда тадбиркорлик соҳасидаги барча мажбурий талабларни Мажбурий талаблар реестрига киритиш, уларни амалий кўрсаткичлар асосида баҳолаш ва комплекс мониторинг қилиш таклиф этилди.
БАА ва Сингапур тажрибаси асосида самарасиз, эскирган ва ортиқча бюрократик талабларни бекор қилиш, “Бизнес калькулятор”, “гилётина” усули ҳамда “оне ин — оне оут” механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, ҳар бир талабнинг самарадорлигини кузатиш ва ҳар 3 йилда натижадорлигини таҳлил қилиш тизимини жорий этиш назарда тутилган.





