Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк инфляциянинг қисқа муддатли тезлашувига қарамай, асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регулятор йил якунига инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМарказий банк бошқаруви 2026-йил 29-июль куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Марказий банк маълум қилишича, 2026-йил июнь ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 6,4 фоизга етган. Базавий инфляция эса 5,7 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақланиб қолган.
Регуляторнинг баҳолашича, жорий йилнинг июнь ойида энергия ресурслари ва тошкўмир нархларининг ошиши таъсирида умумий инфляция суръатларининг қисқа муддатли тезлашиши кузатилган.
Шу билан бирга, Марказий банк 2026-йил якунига мўлжалланган макроиқтисодий прогнозларини ўзгартирмади. Унга кўра, йил якунида умумий инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши, иқтисодий ўсиш эса 7,5–8 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
Марказий банк таъкидлашича, пул-кредит сиёсати инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражага тушириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолишга қаратилган бўлиб қолади.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиш 2026-йил 16-сентябрь кунига белгиланган.





