Logo

Марказий банк исломий банк очиш бўйича илк таклифлар келиб тушганини маълум қилди

Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров хорижий ва маҳаллий инвесторлардан исломий банк ташкил этиш бўйича дастлабки таклифлар келиб тушганини маълум қилди. Шунингдек, айрим анъанавий банклар ҳам «Ислом дарчаси»ни очишга тайёргарлик кўрмоқда.

Марказий банк исломий банк очиш бўйича илк таклифлар келиб тушганини маълум қилди © yakazanec.com

Ўзбекистонда исломий банклар фаолиятига қонунан рухсат берилиши арафасида мазкур соҳага қизиқиш ортиб бормоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда тўлиқ исломий банк ташкил этиш бўйича ҳам хорижий, ҳам маҳаллий инвесторлардан дастлабки таклифлар келиб тушган.

«Ҳам хорижий, ҳам маҳаллий инвесторлар томонидан тўлиқ исломий банк очиш таклифлари билдирилди. Айримлар эса фақат исломий тамойиллар асосида молиявий операцияларни амалга оширмоқчи. Анъанавий банкларимиздан ҳам ъИслом дарчасиъни очишга тайёргарлик кўраётганлар бор», — деди Санжар Носиров.

Исломий банклар учун чеклов йўқ

Марказий банк вакили келажакда нечта исломий банк ташкил этилиши мумкинлиги бўйича аниқ прогноз билдирмади. Бироқ лицензия олиш учун белгиланган талабларни бажарган инвесторлар сони бўйича чеклов мавжуд эмаслигини таъкидлади.

Унинг айтишича, банклар аҳоли ва тадбиркорларнинг маблағларини жалб қилиб фаолият юритиши сабабли лицензиялаш жараёнида юқори талаблар сақланиб қолади.

«Сон жиҳатдан чегара йўқ. Чегара низом ва қонун-қоидаларда. Сабаби банк тизимига кириш учун маълум талаблар бор. Чунки банк фақат ўз молиявий операцияларини эмас, бутун халқимиз ва тадбиркорларнинг пулларини жалб қилиб, ишлатадиган ташкилот бўлади. Исломий банк фаолиятига оид қонун 29 июндан кучга киради. Биз оммавий муҳокамага лицензиялаш бўйича талабларимизни қўйдик. Бундан ташқари, ўзимизда Исломий молия кенгашимиз бўйича талабни ишлаб чиқдик. Қонунда белгиланган ваколатларимиздан фойдаланиб, кейинги талабларимизни ҳам босқичма-босқич ишлаб чиқаверамиз», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Санжар Носировнинг таъкидлашича, исломий ва анъанавий банклар учун тенг рақобат шароитлари яратилади. Хусусан, анъанавий банклар учун мавжуд бўлган айрим солиқ имтиёзлари исломий банкларга ҳам татбиқ этилади.

Teglar

Mavzuga oid