Logo

«Марказий Осиё иқтисодиёти 2026-йилда 6,5 фоиздан ортиқ ўсади» — Евроосиё тараққиёт банки

Bugun 12:404 daqiqa

Энергия ресурсларини экспорт қилувчи Қозоғистон юқори нефть нархлари ҳисобига қўшимча даромад олади. Бироқ энергия импорт қилувчи мамлакатларда ёқилғи, озиқ-овқат ва транспорт харажатлари ошиши оқибатида инфляция кучайиши мумкин.

«Марказий Осиё иқтисодиёти 2026-йилда 6,5 фоиздан ортиқ ўсади» — Евроосиё тараққиёт банки © shutterstock.com

2026-йилда Марказий Осиё иқтисодиёти 6,5 фоиздан ортиқ ўсади ва минтақа ялпи ички маҳсулоти (ЙИМ) тарихда илк бор 600 миллиард доллардан ошади. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банкининг 2026–2028-йилларга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозида сўз боради.

Банк прогнозига кўра, аъзо давлатлар орасида энг юқори иқтисодий ўсиш Қирғизистонда кузатилади — 10,2 фоиз. Ундан кейин Тожикистон (8,3 фоиз) ва Ўзбекистон (7,9 фоиз) жойлашган. Арманистон иқтисодиёти 6 фоизга, Қозоғистонники эса 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Форс кўрфазидаги можаро жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилган. Нефть ва газ нархларининг ошиши, логистикадаги муаммолар ва бизнес фаоллигининг пасайиши туфайли 2026-йилда жаҳон иқтисодиёти ўсиши 2,5 фоизгача секинлашиши мумкин. Бу пандемия йили бўлган 2020-йилни ҳисобга олмаганда, сўнгги 15 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлади.

ЙТБ таҳлил ишлари дирекцияси раҳбари Алексей Кузнецовнинг айтишича, ушбу вазият минтақа давлатларига турлича таъсир кўрсатади. Энергия ресурсларини экспорт қилувчи Россия ва Қозоғистон юқори нефть нархлари ҳисобига қўшимча даромад олади. Бироқ энергия импорт қилувчи мамлакатларда ёқилғи, озиқ-овқат ва транспорт харажатлари ошиши оқибатида инфляция кучайиши мумкин.

Шунга қарамай, банк Марказий Осиё иқтисодиёти ташқи хавфларга нисбатан барқарорлигини сақлаб қолишини таъкидламоқда. Мутахассислар фикрича, минтақа жаҳондаги энг тез ривожланаётган ҳудудлардан бири бўлиб қолади ва инвесторлар учун янада жозибадор бозорга айланади.

photo_2026-07-31_12-08-09


Қозоғистон

ЙТБ прогнозига кўра, Қозоғистон иқтисодиёти 2026-йилда 5,5 фоизга ўсади. Бу кўрсаткич халқаро молия ташкилотлари ва айрим давлат идоралари прогнозларидан юқори.

Банк таҳлилчиси Айгул Бердигулованинг таъкидлашича, ўсишга саноат сиёсати, янги ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилиши ва аввал режалаштирилган саноат лойиҳаларининг якунланиши туртки беради. Шунингдек, умумий қиймати 1,7 триллион тенге (3,4 миллиард доллар) бўлган қарийб 200 та инвестиция лойиҳаси ва миллий инфратузилма дастури ҳам иқтисодий ўсишга хизмат қилади.

Юқори нефть нархлари экспорт даромадларини оширади. Инфляция 2026-йилда 9,7 фоизгача пасайиши кутилмоқда, аммо у Марказий банк белгилаган мақсадли даражадан юқори бўлиб қолади. Қатъий пул-кредит сиёсати, тенгенинг нисбатан барқарорлиги ва давлатнинг нархларни чеклаш чоралари инфляцияни пасайтиришга ёрдам беради.

Банк ҳисоб-китобига кўра, Қозоғистонда базавий фоиз ставкаси 2026-йил охирига бориб 16 фоизга, 2027-йил охирида эса 12 фоизгача тушади. Миллий валюта курси эса 2026-йил охирига бориб 1 АҚШ доллари учун тахминан 500 тенгени ташкил этади.

Қирғизистон

Қирғизистон 2026-йилда ҳам Марказий Осиёдаги энг тез ўсадиган иқтисодиёт бўлиб қолиши кутилмоқда. Мамлакатда ЙИМ 10,2 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

Бу ўсишга давлат инвестиция дастури асосий омил бўлади. 2025-йилда Қирғизистон суверен молиялаштириш орқали 980 миллион доллар жалб қилди. Бу сўнгги 12 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Ушбу маблағлар узоқ муддатли инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилади. Ҳукумат 2030-йилгача энергетика, туризм, саноат, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қарийб 200 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирган.

Инфляция 2026-йилда 11,5 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Бунга жаҳонда хомашё нархларининг қимматлаши, давлат секторида иш ҳақининг ошиши, акциз солиғи ва коммунал тарифларнинг кўтарилиши сабаб бўлади.

Шу билан бирга, сом курсининг барқарорлиги ва қатъий пул-кредит сиёсати туфайли инфляция 2028-йил охирига бориб 7 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Асосий фоиз ставкаси прогноз даврида 12 фоиз даражасида сақланиб қолади.

Тожикистон

ЙТБ прогнозига кўра, Тожикистон иқтисодиёти 2026-йилда 8,3 фоизга ўсади.

Банк буни ички истеъмолнинг ўсиши, инвестициялар ҳажмининг кўпайиши ва Россия рублининг мустаҳкамланиши ҳисобига пул ўтказмалари оқимининг ортиши билан изоҳлайди.

Ҳукуматнинг инвестиция сиёсати, айниқса энергетика соҳасидаги йирик лойиҳалар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди. «Роғун» ва «Норак» гидроэлектрстанциялари мамлакатнинг асосий устувор лойиҳалари бўлиб қолмоқда.

Олтин ва рангли металлар нархининг юқори бўлиши экспорт даромадларини оширади. Инфляция 2026-йилда 4,7 фоизни ташкил қилиши, кейинги йилларда эса 5 фоиз атрофида барқарор сақланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон

ЙТБ ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2026-йилда ҳам минтақадаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлардан бири бўлиб қолади. Мамлакат иқтисодиёти 7,9 фоизга ўсиши прогноз қилинган.

Бу пандемиядан кейинги 2021-йилни ҳисобга олмаганда, сўнгги ўн йилдаги энг юқори иқтисодий ўсиш суръати бўлади.

Иқтисодиётнинг ўсишига асосан асосий капиталга киритилаётган инвестициялар ҳисса қўшади. Бу саноат, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларининг ривожланишига туртки беради.

Шунингдек, давлат бюджети сиёсати ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди. Олтин нархининг юқори бўлиши экспорт даромадларини оширади, иш ҳақи ва хориждан келадиган пул ўтказмаларининг кўпайиши эса аҳоли истеъмолини рағбатлантиради.

ЙТБ маълумотига кўра, нисбатан қатъий пул-кредит сиёсати ва миллий валюта мустаҳкамланиши ҳисобидан инфляция босқичма-босқич пасаяди. Бироқ ички талабнинг юқорилиги ҳамда жаҳонда хомашё нархларининг ошиши қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида харажатларни юқори даражада ушлаб туради. Шу билан бирга, банк прогнозига кўра, 2026–2028-йилларда инфляция Ўзбекистон Марказий банки белгилаган мақсадли кўрсаткичлар доирасида сақланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олтин нархи ошиши Марказий Осиё иқтисодиётига қандай таъсир қилиши ва ушбу давлатларнинг қарзи бўйича ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid