Марказий Осиёда суғориш суви захиралари кам бўлиши мумкин

04.03.2026 | 11:553 daqiqa

Марказий Осиёда Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув меъёрдан камлиги сабаб, келгуси вегетация мавсумида сув танқислиги эҳтимоли бор.

Марказий Осиёда суғориш суви захиралари кам бўлиши мумкин

Марказий Осиё мамлакатлари келгуси вегетация мавсумига ўтган йилга нисбатан анча кам сув захираси билан кириб келмоқда. Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссиясининг 92-йиғилишидан сўнг эълон қилинган маълумотларга кўра, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув оқими меъёрдан паст даражада қайд этилган.

Амударё ҳавза

Амударё ҳавзасида мавсумлар оралиғи кам сувли шароитда ўтган. 11 феврал ҳолатига кўра, дарё сувлилиги меъёрга нисбатан 66,8 фоизни ташкил этди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 101,8 фоиз бўлиб, дарё деярли тўлиқ ҳажмда оққан эди.

Оқимнинг камайиши Туямўйин сув омборида сув захираларининг қисқаришига ҳам таъсир кўрсатди. 2026 йил 10 феврал ҳолатига кўра, омборда 4349 млн куб метр сув қайд этилди, бир йил олдин эса бу кўрсаткич 4959 млн куб метрни ташкил этган.

Сув камлиги сабабли дарёнинг қуйи оқимида ювиш суғориш ишлари ҳам кеч бошланган. Жорий мавсумда бу ишлар 10 февралда бошланган бўлса, ўтган йилда 15 декабрдаёқ старт олган эди.

Амударё сувидан фойдаланишда давлатлар ўртасидаги тақсимот

Амударё сувидан фойдаланишда давлатлар ўртасида белгиланган лимитлар асосида тақсимот амалга оширилган.

Тожикистон 2073,4 млн куб метр сувдан фойдаланиб, ўз лимитини тўлиқ ўзлаштирди.

Туркманистон 3439,5 млн куб метр ёки ажратилган ҳажмнинг 96 фоизини ишлатди.

Ўзбекистон эса 2600,4 млн куб метр сувдан фойдаланиб, лимитнинг 75,3 фоизини ўзлаштирган.

Шу даврда Амударё делтаси ва Орол денгизига 935 млн куб метр сув йўналтирилди. Режага кўра бу ҳажм 1400 млн куб метр бўлиши керак эди, яъни амалда кутилган сувнинг тахминан учдан икки қисмигина етказиб берилди.

Сирдарё ҳавзаси

Сирдарё ҳавзасидаги сув вазияти нисбатан барқарор сақланмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, умумий сув оқимининг кўп йиллик меъёри 11 782 млн куб метрни ташкил этади. Жорий мавсум учун прогноз 9 170 млн куб метр даражасида баҳоланган эди. Амалда эса ҳавзага 10 255 млн куб метр сув келиб тушди. Бу прогноздан 1 085 млн куб метрга кўп бўлса-да, умумий меъёрнинг атиги 87 фоизига тенг.

Юқори сув омборларига келиб тушган оқим прогноз кўрсаткичларига деярли мос келиб, 3 591 млн куб метрни ташкил этди. Шу билан бирга, ёнлама оқимлар кутилгандан юқори бўлиб, ҳавзадаги сув танқислигини қисман юмшатишга хизмат қилди.

Мавсумлар оралиғида сув омборларидан 15 536 млн куб метр сув чиқарилди. Бу келишилган жадвалнинг 99 фоизига тенг. Мутахассислар бундай кўрсаткич сув ресурсларини тақсимлаш режаси асосан белгиланган тартибда амалга оширилганини кўрсатишини таъкидламоқда.

Ҳудудий тақсимот

Ҳудудий тақсимотга кўра, давлатларга сув етказиб бериш белгиланган лимитлар доирасида амалга оширилди. Умумий лимит 2 633 млн куб метр бўлган бўлса, амалда 2 155 млн куб метр сув ёки 82 фоиз ишлатилган.

Сув тақсимотида асосий улуш Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келди. Мамлакат 1 954 млн куб метр сувдан фойдаланган.

Тожикистон эса ажратилган 173 млн куб метр лимитдан 35 млн куб метрни ишлатган.

2026 йил 11 феврал ҳолатига кўра, Норин–Сирдарё каскади сув омборларидаги умумий сув захираси 16 774 млн куб метрни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 511 млн куб метрга кам экани қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid