Миллий инвестиция жамғармаси IPO'га чиқади

27.02.2026 | 10:351 daqiqa

Давлат корхоналарида корпоратив бошқарув кучайтирилади, мустақил аъзолар улуши оширилади ва дивиденд сиёсати қайта кўриб чиқилади.

Миллий инвестиция жамғармаси IPO'га чиқади

25 февралда қабул қилинган ПҚ–74-сонли қарорга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ устав капиталидаги 30 фоизгача акциялар халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи оммавий таклиф орқали сотилади. Ҳужжат давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган.

Қарорда корпоратив бошқарув маданиятини ривожлантириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Хусусан, жамиятлар кузатув кенгашлари таркибидаги мустақил аъзолар улуши 50 фоизга етказилади.

Шунингдек, давлат иштирокидаги тузилмаларда замонавий бошқарув усулларини жорий этиш, молиявий натижалар ва бизнес-режалар ижроси устидан назоратни кучайтириш назарда тутилган.

IPO орқали бозорга чиқиш

«Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ акцияларининг 30 фоизгача қисми оммавий савдога чиқарилиши мамлакат капитал бозорини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Акциялар халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида таклиф этилади. Бу орқали хорижий ва ички инвесторлар учун янги имкониятлар яратилади.

Дивиденд сиёсати чекланади

Жамғарма улушига эга бўлган жамиятларда ҳисобланадиган дивидендларни компания ихтиёрида қолдиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши тақиқланади.

Бундан ташқари, бундай жамиятлар ўз фаолиятига оид муҳим молиявий ва стратегик маълумотларни аввал Жамғарма билан келишади, шундан кейин Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этади.

Teglar

Mavzuga oid