Мирзо Улуғбекдаги қулаган йўл ишида 6 киши айбдор деб топилди
Март ойида Мирзо Улуғбек Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасидаги, фойдаланишга топширилганига атиги 1,5 йил бўлган янги туннел йўли атрофидаги йўл ўтказгичнинг бир қисми кўчиб тушганди. Мазкур йўл қурилиши учун масъул бўлган олти нафар шахсга суд ҳукми ўқилди.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026-йил 12-март куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари чорраҳасида жойлашган янги туннел йўли атрофидаги йўл ўтказгичнинг бир қисми ўпирилиб тушганди. Ушбу объект қурилишига масъул бўлган шахсларга суд ҳукми чиқарилди.
Vaqt.uz танишган суд ҳужжатига кўра, қурилишга масъул бўлган олти нафар шахс бюджет маблағларини ўзлаштириш, мансаб сохтакорлиги ва сохта ҳужжатлар расмийлаштириш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилган.
Қурилишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар
Экспертиза хулосалари ва гувоҳлар кўрсатмасига кўра, кўприк қурилишида бир қатор қўпол техник ва муҳандислик хатоларига йўл қўйилган:
— Геосетка (армагрунт) ўрнатишдаги қаллоблик: лойиҳа бўйича таянч девори орқасида 5 қатордан 7 қаторгача «армагрунт» сеткалари ётқизилиши керак бўлса-да, амалда фақат 1 қатор номаълум сифатдаги сетка қўйилган.
— Бетон қуйишдаги хатолик (совуқ чоклар): Деворнинг қалинлиги ўзгарган жойларида бетон бир текис ва бир вақтда қуйилмаган, балки катта танаффуслар билан бир неча босқичда қуйилган. Бунинг оқибатида силлиқ ва лой билан ифлосланган «совуқ чоклар» ҳосил бўлган ҳамда девор айнан шу заиф чоклар бўйлаб қулаб тушган.
— Дренаж тизимининг йўқлиги: ерости сизот ва ёмғир сувларини йиғиб чиқариш учун мўлжалланган дренаж тизими ва ёпиқ коллекторлар умуман қилинмаган ёки ишламаган. Бунинг оқибатида тупроқнинг намлиги ортиб, зичлиги йўқолган (бўшашган).
— Арматураларни нотўғри ўрнатиш: анкер арматуралари лойиҳа бўйича 750 мм ичкарига киритилиши керак бўлса-да, амалда атиги 400-450 мм киритилган.
— Арматуралар оралиқ масофаси: горизонтал ва вертикал арматуралар лойиҳада белгиланган қадамларга (600 мм) риоя қилинмасдан, 1300 мм дан 2 метргача бўлган очиқ масофаларда ўрнатилган.
— Сув кетказиш қувурларининг йўқлиги: кўприк оралиқ қурилмаларида сув кетказиш қувурлари тўғри лойиҳалаштирилмаган ва ўрнатилмаган.
Мутахассислар фикрича, объект лойиҳа ва қурилиш қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда барпо этилганида бундай ҳодиса содир бўлмас эди.
Йўл қурилишига масъул шахслар
Суд ҳужжатларига кўра, Темур Малик кўчасидаги объект икки босқичда реконструксия қилинган. Биринчи босқич учун 118,9 миллиард сўм, иккинчи босқич учун эса қўшимча келишувлар билан 94 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Шу тариқа, икки босқич бўйича пудрат шартномаларининг умумий қиймати 213 миллиард сўмни ташкил этган.
Объект қурилишида бир нечта ташкилот иштирок этган. Акмал Муродов «Ўзйўлкўприк кластери»нинг Тошкент вилояти филиали директор ўринбосари сифатида қурилиш сифати учун жавобгар бўлган.
Абдумутал Исропилов иш бошқарувчиси сифатида қурилиш жараёнини ташкил этган ва таянч деворлар учун масъул ҳисобланган.
Санжар Маннонов Автомобил йўлларини қуриш ва реконструксия қилиш дирексияси директор ўринбосари — бош муҳандис, Зафар Шараҳмедов эса техник назорат бўлими бош мутахассиси сифатида ишларни қабул қилиш ва назорат қилиш вазифасини бажарган. Нуршод Мавлонов «Йўл лойиҳа бюроси» бош муҳандиси сифатида лойиҳанинг бажарилишини назорат қилган бўлса, «Гранд нур йўл қурилиш» раҳбари Обид Одилов субпудратчи сифатида қурилиш ишларида қатнашган.
Суднинг хулосасига кўра, Акмал Муродов, Санжар Маннонов, Зафар Шараҳмедов ва Абдумутал Исропилов бажарилган ишлар ҳақидаги бир нечта Форма-3 ҳисоботларига ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар киритган. Мавлонов муаллифлик назорати журналларига имзо қўйиш орқали ушбу ҳаракатларда иштирок этган, Одилов эса субпудратчи сифатида сохта ҳисоботларни расмийлаштиргани қайд этилган.
7,3 миллиард сўмлик зарар
Судланувчилар ўзаро жиноий тил бириктириб, аслида бажарилмаган ишларни бажарилди деб ҳужжатларни қалбакилаштирган ва бюджет пулларини ўзлаштирган:
— Амалда бажарилмаган 433 миллион 646 минг 124 сўмлик «Базалт геосетка ётқизиш» ишлари сохта ҳужжатларга қўшиб ёзилган.
— Шунингдек, бажарилмаган 766 миллион 281 минг 417 сўмлик қум-шағал аралашмасини ётқизиш ишлари ҳам бажарилди деб расмийлаштирилган.
— Сифатсиз ва яроқсиз қилинган қурилиш ишлари миқдори 6 миллиард 177 миллион 776 минг сўмни ташкил қилган.
— Умумий ҳисобда давлат бюджетига (давлат манфаатларига) жами 7 миллиард 377 миллион 703 минг 545 сўм миқдорида жуда кўп миқдорда зарар етказилган ва талон-торож қилинган.
Суд ҳужжатларига кўра, мазкур маблағ 2026-йил 23-апрель куни Бош прокуратура депозит ҳисоб рақамига тўлиқ қопланган. Бироқ ушбу маблағлар ким ёки қайси ташкилот томонидан қоплангани суд ҳужжатларида очиқланмаган.
Айбдорлар жазоланди
Судланувчилар айбловларни тан олмаган. Улар судда қурилиш ишлари мутлақо яроқсиз эмаслиги, аниқланган камчиликларни кейинчалик бартараф этиш мумкин бўлгани, айрим ишлар эса лойиҳа-смета ҳужжатларига кейинроқ киритилганини билдирган.
Бироқ суд ушбу важларни қабул қилмаган. Ҳукмда айбловлар ишчи ва давлат қабул комиссиялари далолатномалари, Форма-2 ва Форма-3 ҳисоботлари, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомалари, назорат ўлчовлари ҳамда суд-қурилиш экспертизаси хулосалари билан тўлиқ тасдиқлангани қайд этилган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 31-июлдаги ҳукмига мувофиқ, Акмал Муродов, Санжар Маннонов, Зафар Шараҳмедов, Абдумутал Исропилов ва Обид Одиловнинг ҳар бирига БҲМнинг 310 баравари, яъни 116 миллион 250 минг сўм миқдорида жарима тайинланди.
Улар бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.
Нуршод Мавлонов эса Жиноят кодексининг 28 ва 167-моддалари бўйича айбдор деб топилиб, унга БҲМнинг 300 баравари — 112 миллион 500 минг сўм жарима тайинланди.
Шунингдек, у ҳам бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.





