Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари давлат хизмати орқали рўйхатдан ўтказилади
Ҳукумат қарори билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини очиш учун камида уч нафар сертификатли суд эксперти шарт эмас.

2026 йил 20 февралда қабул қилинган 73-сонли Ҳукумат қарорига мувофиқ, нодавлат суд-экспертиза соҳасини тартибга солувчи янги нормалар тасдиқланди ва фаолият юритиш жараёни енгиллаштирилди.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилади
Қарорга кўра, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари энди нотижорат ташкилот сифатида ёки якка тартибда суд-экспертлик бюроси шаклида ташкил этилиши мумкин. Илгари бундай ташкилотни очиш учун камида уч нафар сертификатга эга суд эксперти талаб этилар эди. Янги тартиб бу чекловни бекор қилди.
Шу билан бирга, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизмати сифатида жорий этилди. Улар Давлат хизматлари марказлари орқали тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими асосида рўйхатдан ўтказилади ёки қайта рўйхатдан ўтказилади.
Нодавлат суд эксперти бўлиш истагидаги шахслар қўшимча таълим берилади
Қарорда нодавлат суд эксперти бўлиш истагидаги шахсларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва қўшимча экспертиза турлари бўйича ўқитиш тартиби ҳам белгиланди. Таълим жараёни амалиётга яқинлаштирилиб, ўқув режасининг 40 фоизи назарий, 60 фоизи эса амалий машғулотларга ажратилади. Назарий қисм давлат таълим муассасаларида, амалий қисм эса давлат суд-экспертиза муассасаларида ташкил этилади.
Бундан ташқари, суд эксперти сифатида касбий лаёқатни тасдиқловчи сертификат олган шахсларнинг ягона реестри юритилади. Ушбу реестрга киритиш ҳам давлат хизмати орқали амалга оширилади.
Қарор асосида Адлия вазирлиги ҳузурида Эксперт-малака комиссияси фаолияти йўлга қўйилади. У нодавлат суд экспертларининг касбий ва амалий тайёргарлигини баҳолайди ҳамда уларнинг эҳтимолий қонунбузарлик ҳолатларини холис кўриб чиқишни таъминлайди.





