Олтин бозори: 3 ой ичида қайси давлат энг кўп олтин сотиб олди?
Ўзбекистон 3 ой ичида 25 тонна олтин харид қилиб, жаҳонда энг кўп олтин сотиб олган давлатлар орасида иккинчи ўринни эгаллади.
© https://ft.comЎзбекистон Марказий банки 2026-йилнинг биринчи чорагида 25 тонна олтин сотиб олиб, дунёдаги энг йирик иккинчи харидорга айланди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2026-йилнинг январь-март ойлари дунё марказий банклари жами 244 тонна соф олтин харид қилган. Бу аввалги чорак ва сўнгги беш йиллик ўртача кўрсаткичдан юқори натижа бўлди.
Геосиёсий вазият, жумладан Эрон, АҚШ ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар бозорларда ноаниқликни кучайтирди. Шунинг учун марказий банклар олтинни ишончли актив деб билиб, захираларини шу орқали кўпайтирмоқда.
Олтин сотиб олган давлатлар
2026 йилнинг биринчи чорагида энг кўп олтин сотиб олган Полша Марказий банки бўлди. У ўз захираларини 31 тоннага кўпайтириб, 582 тоннага етказди.
Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банки октябрдан буён давом этаётган харидлар сериясини давом эттириб, 25 тонна олтин сотиб олди. Натижада мамлакатнинг олтин захиралари 416 тоннага етди.
Ўзбекистонда олтин улуши 2020 йилда умумий захираларнинг 57 фоизини ташкил этган бўлса, 2026 йил январ ҳолатига кўра бу кўрсаткич 87 фоизга етди.
Учинчи ўринни 7 тонна олтин харид қилиб, Хитой Марказий банки эгаллади. Харидларни ўтган чоракка нисбатан икки баробардан кўпроққа очирган Хитой Марказий банкининг умумий олтин захиралари 2313 тоннага (умумий захираларнинг 9 фоиз) етди.
Бошқа харидорлар қаторига Қозоғистон (12т), Чехия (5т), Малайзия (5т), Гватемала (2т), Камбоджа (2т), Индонезия (2т), Сербия (1т) ва БАА (1т) кирди.
Олтин сотган давлатлар
Уч ойда Туркия тахминан 70 тонна олтин сотиб, бозордаги энг йирик сотувчилардан бирига айланди. Ундан кейинги ўринларни Озорбойжон ва Россия 22 тонна олтин сотиб, эгаллади.
Шунингдек, Қирғизистон 1 тонна олтин сотди, Болгария эса евро жорий этиш жараёни доирасида 2 тонна олтинни Европа Марказий банки ихтиёрига ўтказди.
Дунёда олтин нархининг кескин ўсиши фонида Ўзбекистон Марказий банки сўнгги 6 ой давомида ҳеч қанча олтин сотмади. 2025 йилнинг I чорагида аллақачон 3,6 млрд доллар олтин сотилганди.
Таҳлилчилар фикрларига кўра, Ўзбекистон Марказий банк жаҳонда содир бўлаётган геосиёсий муаммолар сабаб олтин нархи келажакда бундан ҳам ошиши мумкинлигига ишонмоқда.
Маълумот учун: 2025-йил давомида Ўзбекистон 7,8 тонна олтин харид қилди. 2020–2025 йиллар оралиғида эса жами 54,4 тонна қимматбаҳо металл сотиб олган. Ҳозирда мамлакат 60,850 млрд долларлик олтин захираларига эга.





