Олтин қуймалари рекорд даражага чиқди

03.03.2026 | 14:112 daqiqa

Қуймалар сўнгги бир йилда қарийб икки баробар қимматлади. Пойтахдаги банкларнинг аксариятида олтин қуймалари деярли қолмаган.

Олтин қуймалари рекорд даражага чиқди

Марказий банк 3-март куни Ўзбекистонда олтин қуймаларининг нархини белгилади. Қуймалар нархи янги рекордни ўрнатди.

5 гр кўринишидаги олтин қуймалари биринчи марта 10 млн 864 минг сўмга чиқди. Натижада, 29-январ кунидаги рекорд янгиланди.

photo_2026-03-03_14-10-25

100 гр олтин қуйма нархи эса 217 млн 281 минг сўмгача кўтарилди. Бу кўринишдаги қуймалар бундан бир йил аввал, 2025-йил январида 116,6 млн сўм нархда сотувга чиқарилганди.

Бир йилдан бироз кўпроқ вақт ичида қуймалар нархи деярли икки баробар ошди.

Олтин қуймаларини банклардан сотиб олиш ва яна банкларга қайтариб сотиш мумкин. Банклар учун қайтариб сотиб олиш нархи қуйманинг қадоғи бутлигига қараб реал нархдан 4 ёки 5 фоиз пастроқ бўлади.

Банклардаги қуймалар қолдиғи ҳақида маълумотни Марказий банк расмий сайтидан олса бўлади. Айни пайтда Тошкент шаҳрида Халқ банкининг Яккасарой филиалида энг кўп олтин қуймани топса бўлади. Қолган банкларда қуймалар деярли қолмаган.

Жаҳонда олтин қуймалари нархи кеча, 2-март куни троя унциясида 5 420 долларгача кўтарилди. Рекорд деярли 5 600 доллар эди.

Бироқ, айни пайтда нарх 5 300 долларгача пасайган. Нарх шу туришда қоладиган бўлса, эртага, 4-март куни олтин қуймалари нархи пасаяди.

Олтин нархи нега ўсди?

Нарх ўсишига Яқин Шарқдаги кескинликлар сабаб бўлмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳарбий ҳаракатлари, Эроннинг минтақадаги АҚШ объектларига жавоб зарбаси глобал иқтисодиётга хавфни кучайтирмоқда.

Бундай шароитда инвесторлар доимгидек олтинни хавфсиз актив сифатида кўрмоқда. Олтиндан ташқари, нефт ва газ каби энергия маҳсулотлари ҳам қимматламоқда.

Аввалроқ олтинга Ўзбекистон шароитида қандай қилиб сармоя қилиш ҳақида маълумот берилганди.

Teglar

Mavzuga oid