Ўқитувчилар учун ипотека субсидиясига ариза қачондан қабул қилиниши маълум қилинди

Олий малака тоифасига эга педагоглар ипотека субсидияси учун ариза топширишлари мумкин.

Ўқитувчилар учун ипотека субсидиясига ариза қачондан қабул қилиниши маълум қилинди

Ўзбекистонда олий малака тоифасига эга педагоглар учун ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратиш дастури доирасида аризалар қабул қилиш 20 апрел куни соат 14:00 дан бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Мазкур субсидия ҳукуматнинг 19-февралдаги “Уй-жой сотиб олиш учун олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагогларга субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ ажратилади. Унга кўра, давлат бюджетидан ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг 25 фоиз қисми қоплаб берилади. Бу орқали педагогларни уй-жой билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.

Субсидия олиш учун талаблар

Субсидия олиш учун ариза берувчилар қатор талабларга жавоб бериши керак. Жумладан, номзод камида 15 йил педагогик иш стажига эга бўлиши, олий малака тоифаси ёки бош ўқитувчи лавозимида ишлаши лозим. Шунингдек, унинг ва турмуш ўртоғининг номида икки ёки ундан ортиқ уй-жой бўлмаслиги шарт.

Бундан ташқари, ариза берувчининг кредит тарихи иштирок этувчи тижорат банкларидан камида бири талабларига мос бўлиши талаб этилади. Кредит маълумотларини текшириш учун OneID тизими орқали тегишли рухсатлар берилган бўлиши шарт. Акс ҳолда, ариза рад этилиши мумкин.

Қаерга мурожаат қилиш керак?

Фуқаролар субсидия олиш учун бир нечта усул орқали мурожаат қилиши мумкин. Хусусан, Давлат хизматлари марказларига бевосита бориш, MyGov мобил иловаси ёки my.gov.uz портали орқали ариза топшириш имконияти мавжуд.

Субсидияли ипотека кредитларини ажратиш дастурида иштирок этувчи тижорат банклари рўйхати:

“Agrobank” ATB;

“Aloqabank” ATB;

“Asakabank” AJ;

“Asia Alliance Bank” ATB;

“Biznesni rivojlantirish banki” ATB;

“Hamkorbank” ATB;

“Ipak yo‘li” AITB;

“Ipotekabank” OTP Group;

“Mikrokreditbank” ATB;

“Orient Finans” XATB;

“Trastbank” XAB;

“Turonbank” ATB;

“Xalq banki” ATB;

“O‘zmilliybank” AJ;

“O‘zsanoatqurilishbank” ATB.

Мазкур субсидия бир оилага фақат бир марта ажратилади ва фақат бирламчи уй-жой бозори учун амал қилади. 2026 йилда ушбу дастур учун давлат бюджетидан 200 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уй-жой учун субсидия олиш тартиби, у кимларга ва қай тарзда берилиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid