Ўзбекистон январда газ импортини 7 баробар оширди. Экспорт эса умуман бўлмади

02.03.2026 | 19:002 daqiqa

2017-йилда Ўзбекистон тўлиқ газ экспорт қиладиган мамлакат эди. 2026-йилга келиб бу ҳолат тескарисига ўзгармоқда.

Ўзбекистон январда газ импортини 7 баробар оширди. Экспорт эса умуман бўлмади

2026-йилнинг январ ойида Ўзбекистоннинг газ импорти 167,6 млн долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси ҳисоботидан маълум бўлди

Газ импорти йил бошида ўтган йилга нисбатан қарийб 7 баробарга ошди. Ўтган йилнинг январида 27,8 млн долларлик газ хориждан сотиб олинганди. Бироқ, ўшанда ҳам газ импорти 5,4 баробарга кўпайганди. Бу мамлакатда газ экспорти сезиларли ўсаётганини кўрсатади. 

2025-йилнинг январида газ экспорти 21,8 млн долларни ташкил қилганди. 2026-йилга келиб бу кўрсаткич нолга айланди. Январда Ўзбекистон узоқ йиллардан бери биринчи марта хорижга газ сотмади ва тўлиқ импорт қилувчи давлат бўлди. 

2017-йилда Ўзбекистон хорижга 2,2 млрд долларлик газ экспортини амалга оширганди. Ўша йиллари мамлакат газни умуман импорт қилмасди. 

Инфографика —

Газ сезиларли равишда 2019-йилдан бошлаб импорт қилинмоқда. Мамлакатда газ эскпорти импортдан 2023-йилгача кўпроқ эди. Бироқ, шундан бери хориждан газ сотиб олиш, сотишдан кўра кўпроқ бўлиб келмоқда. 

Нега бундай бўляпти? 

Ўзбекистон газни соф экспорт қилувчи давлатдан соф импорт қилувчи давлатга айланаётганига газ қазиб олиш йилдан-йилга пасайиб бораётгани сабаб бўлмоқда. 

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, газ ишлаб чиқариш 2017–2019-йилларда 56-60 млрд метр куб оралиғида эди. Сўнгги икки йиллда бу кўрсаткич 41 млрд метр кубгача пасайиб, 2025-йилда 42,3 млрд метр кубни ташкил қилди. 

Бироқ, Ўзбекистон-2030 стратегиясида 2025-йилда қазиб олинган газ ҳажми 41,7 млрд метр куб бўлгани кўрсатилган. 

rasm

Стратегия бўйича келгуси йилларда газ қазиб олиш қуйидагидек бўлиши кутилмоқда (метр кубда):

2027-йил — 42,9 млрд (+6,7 фоиз);

2028-йил — 44,5 млрд (+3,7 фоиз);

2029-йил — 45,5 млрд (+2,2 фоиз);

2030-йил — 48,5 млрд (+6,6 фоиз).

Шунга қарамай, 2030-йилга келиб ҳам газ қазиб олиш ҳажми 2019-йилги юқори кўрсаткичга яқинлашмайди. Ўшанда мамлакатда 60 млрд метр кубдан ошиқ газ ишлаб чиқарилганди. 

Аслида газ қазиб олиш кўрсаткичини янада кўпайтириш режа қилинганди. 2023-йилги Ўзбекистон-2030 стратегиясида қазиб олиш ҳажминини яна 60 млрд метр кубдан ошириш вазифаси қўйилганди. 

Мамлакатда иқтисодий ўсиш ва саноат ривожланиши фонида газга бўлган эҳтиёж маҳаллий ишлаб чиқариш орқали қондирилмади. Бу эса импорт ошиб, экспорт нолга тушиб қолишига олиб келди. 


Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 114

Barchasi

Mavzuga oid