Ўзбекистон Яқин Шарқдаги сулҳ келишувини олқишлади

Bugun 14:403 daqiqa

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувини қўллаб-қувватлаб, барча томонларни вазминликка ва мулоқотни давом эттиришга чақирди.

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги сулҳ келишувини олқишлади © Tashqi ishlar vazirligi

Ўзбекистон Покистон раҳбарияти воситачилигида Яқин Шарқда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва сулҳ ўрнатилиши эълон қилинганини олқишлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли баёноти эълон қилинди.

«Мазкур саъй-ҳаракатларни кескинликни юмшатиш, сиёсий-дипломатик мулоқот ва ўзаро мақбул ечимларни топиш учун шароит яратиш йўлидаги муҳим қадам, деб ҳисоблаймиз. Барча томонларни вазмин бўлишга, вазиятни яна кескинлашувига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга, шунингдек тинчлик ва барқарорликка эришиш мақсадида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга чақирамиз», – дейилади бвёнотда.

ТИВ Ўзбекистоннинг можароларни фақат тинч йўл билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ қатъий равишда ҳал этиш зарурлиги тўғрисидаги ўзгармас позициясини яна бир бор тасдиқлади.

Икки ҳафталик келишув

АҚШ ва Эрон 7-апрел куни кечқурун икки ҳафталик шартли ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришди. Бу келишув Покистон воситачилигида сўнгги дақиқада амалга оширилган дипломатик ҳаракатлар натижасида юзага келди ва Доналд Трампнинг Эронга қўйган ултиматумини бекор қилди. Келишув доирасида Ҳўрмуз бўғози вақтинчалик ва шартли равишда қайта очилиши кўзда тутилган.

Трампнинг айтишича, Хитой Эронни музокараларга кўндиришда рол ўйнаган. Шунингдек, у Эроннинг бойитилган урани «тўлиқ назорат остида бўлишини» айтди, аммо батафсил маълумот бермади.

Икки ҳафталик сулҳ давомида томонлар 10 бандли таклиф асосида доимий келишувга эришиши мумкин. Трамп буни «икки томонлама ўт очишни тўхтатиш» деб атади ва АҚШ ўз ҳарбий мақсадларига эришганини таъкидлади. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий ҳам келишувни тасдиқлаб, икки ҳафта давомида Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ҳаракат таъминланишини билдирди.

Исроил нима дейди?

Бир неча соат давомида Исроил позицияси ноаниқ бўлиб қолди. Кейинроқ бош вазир Бинямин Нетаняҳу АҚШ билан тузилган сулҳни қўллаб-қувватлашини билдирди, аммо бу келишув Ливандаги «Ҳибуллоҳ»га қарши амалиётларга тааллуқли эмаслигини таъкидлади.

Келишув жараёни ноаниқлик билан кечди: Эрон музокаралар учун таклиф этилган 10 бандли режанинг икки хил версиясини эълон қилди. Форс тилидаги версияда ядровий дастур бўйича «бойитишни қабул қилиш» ибораси бор эди, аммо инглизча версияда бу ибора йўқ эди.

Покистон 10-апрел куни Исломободда музокараларга таклиф қилди. Теҳрон қатнашишини билдирди, аммо Вашингтон ҳали расман жавоб бермаган.

Ўт очишни тўхтатиш қачон кучга киради?

Ўт очишни тўхтатиш тўлиқ қачон амалга кириши ҳали аниқ эмас. Исроил оммавий ахборот воситаларига кўра, сулҳ Ҳўрмуз бўғози қайта очилганидан кейин кучга киради. Шу билан бирга, Исроил бу оралиқ даврда Эрон томонидан ҳужумлар давом этишини кутмоқда.

Доналд Трампнинг баёнотидан бир соатдан ортиқ вақт ўтгач, Исроил ҳарбийлари Эрон томонидан учирилган ракеталарни аниқлаганини маълум қилди. Тел Авив шаҳрида эса ушлаб қолинган ракеталар портлашлари эшитилган.

Шу билан бир вақтда, Форс кўрфази давлатлари – Кувайт, Баҳрайн, Саудия Арабистони ва БАА – деярли бир вақтда огоҳлантириш эълон қилди ва ҳаво мудофаа тизимларини фаоллаштирди.

Нефт бозори реаксияси

Жаҳон бозорлари Эронда икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги хабарларга нефт ва нефт маҳсулотлари нархининг пасайиши билан жавоб қайтарди. 8-апрел куни эрталабга келиб, «Brent» фючерслари нархи бир баррел учун тахминан 95 доллар атрофида бўлди, бир кун олдин эса у тахминан 110 доллардан сотилаётган эди.

«Trading Economics» маълумотларига кўра, нефт хомашёси жаҳон бозорларида бир суткада 14 фоизга арзонлаб, 96 долларга тушган. АҚШда печ ёқилғиси сифатида кенг қўлланиладиган мазут нархи 17 фоизга, бензин эса қарийб 10 фоизга пасайган.

Уруш АҚШга қанчага тушди?

«Financial Times» келтирган экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, АҚШнинг Эронга қарши уруши харажатлари тахминан 30 миллиард долларни ташкил этган.

«American Enterprise Institute» катта илмий ходими Элейн Маккаскер нашрга маълум қилишича, 28-февралдан буён Эронга қарши ҳарбий кампания қиймати 22,3 миллиард доллардан 31 миллиард долларгачани ташкил этган.

Расмий маълумотларга кўра, шунингдек, 13 нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, 300 нафардан ортиғи эса яраланган.

Teglar

Mavzuga oid